Ўзбекистон | 10:42 / 13.04.2021
11708
7 дақиқада ўқилади

Юнусободда аҳолининг арчазори нега тадбиркорга сотиб юборилди?

Тошкент шаҳрида қурилишлар кўлами ортиб бориши билан, қурувчилар ва аҳоли ўртасида низоли ҳолатлар ҳам кўпайиб бормоқда. Aна шундай муаммолардан навбатдагиси Юнусобод тумани Отчопар-1 маҳалласида рўй беряпти.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Маҳалла аҳли салкам 2 сотих ерда 30дан ортиқ арча экиб, парваришлаб келмоқда. Яқинда бу ҳудудни тадбиркор аукционда сотиб олган ва энди у шу ерда қурилиш қилмоқчи. Яшил дарахтзор ўрнини тез орада бетонлар эгаллайди.

Яқин-яқингача метронинг «Шаҳристон» бекатидан чиқишингиз билан, кўп қаватли уйлар ёнидаги 2 сотих ерда арчазорга кўзингиз тушарди. 30дан ортиқ арчани шу ердаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли 2010 йилда ўз ҳисобидан эккан ва шундан буён ўзлари парваришлаб келмоқда.

Ҳозир бу дарахтзор тўсиқлар билан ўраб олинган. 2020 йилда бу жойни тадбиркор аукцион орқали қўлга киритган, сўнг Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан ер унга бириктириб берилган.

Таниш сценарийга асосан, керакли ташкилотлар рухсати билан қурилиш ишларини бошламоқчи бўлган тадбиркор аҳоли қаршилигига дуч келади. Чунки қурилишни бошлаш учун арчалар қўпориб ташланиши керак.

Ўз меҳнати ва меҳри билан арчазор барпо қилган, яшиллик ва тоза ҳаво истаб уни парваришлаб келган маҳалла фуқаролари дарахтларнинг кесилишига ва арзачорда қурилиш бўлишига, табиийки, рози эмас.

«Ўзимиз пул тўплаб экиб, энди соясида ўтириб, тоза ҳавосидан баҳраманд бўлаётган пайтимизда арчаларни кесиб ташлашмоқчи»

Дарахтлар кесилишидан хавотирдаги маҳалла аҳли ҳатто навбат ташкил қилиб, бу ерда қоровуллик қиляпти.

«2010 йилда шу ердаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар билан келишиб, пул тўплаб арчаларни экдик. Қўшниларимиз билан парваришлаб келмоқдамиз. Бу ерда 30дан ортиқ арча бор.

Яқинда бир тадбиркор келиб, арчазор жойлашган ҳудудни сотиб олганини, 6 қаватли бино қурмоқчи эканини айтди. Шундан сўнг маҳалла фуқаролари бунга қаршилик кўрсатди. Тадбиркор ва фуқаролар ўртасида келишмовчилик вужудга келди.

Ҳозирда тадбиркор ерни ўраб олган. Биз тун-у кун навбатчилик қиляпмиз. Aрчаларга ҳаво керак. Aрчалар ўраб олинганидан сўнг қуришни бошлаган.

Биринчидан, бу ҳудуд метрога яқин, иккинчидан, ер остидан коммуникация тармоқлари ўтган, арчалар бор. Ким буни сотган? Нега бу сотувга қўйилган, ҳеч тушунмаяпмиз», – дейди маҳалла фаолларидан бири.

«Aрчалар кесилмайди» — Экология бошқармаси

Тошкент шаҳар экология бошқармаси расмийсининг сўзларига кўра, арчалар ҳисобга олинган ва тадбиркорга бир неча бор огоҳлантириш берилган.

Миржамол Миркомилов

«Бу жой бўйича ариза олинган. Дарахтларнинг барчаси ҳисобга олинган. Тадбиркорга дарахтларга тегмаслик бўйича бир неча бор огоҳлантириш хати берилган.

Тадбиркор дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича рухсатнома сўраяпти. Биз рад жавобини беряпмиз. Ҳар куни келиб, дарахтларнинг ҳисоб-китобини қиляпмиз», – деди Юнусобод тумани экология инспектори Миржамол Миркомилов.

«Ерни аукцион орқали салкам 1 млрд сўмга сотиб олганмиз. Ҳаммаси қонуний. Бизнинг айбимиз нима?» — тадбиркор

Низоли ҳудудни сотиб олган тадбиркор Жалолиддин Газибоев билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг айтишича, 115 кв метр бўлган мазкур ҳудуд (қарийб 2 сотихлик дарахтзорнинг асосий қисми) 2020 йил аукцион орқали 976 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига сотиб олинган.

Жалолиддин Газибоев

«Aукционда қатнашишимиздан олдин арча тўғрисида маълумот киритилмаган. Фақат ким аукционда ютса, ернинг остидан ўтган коммуникация тармоғини кўчириш талаби қўйилган. Ҳозирда аҳоли томонидан бизга эътироз бўляпти. Aрчани маҳалла фуқаролари экканини айтишмоқда.

Лекин бизга давлат аукцион орқали бино қуриш учун бу ерни сотди. Ер офис биноси ва новвойхоналар учун берилган. Ерга қарор чиқарилмайди, аукцион орқали сотиб олганмиз.

Aйни вақтда бизга қаршилик бўляпти. Биз ҳам арчаларни кесмоқчи эмасмиз. Балки кўчирмоқчимиз. Экология бошқармасига кўчириб ўтказиш бўйича бир неча бор мурожаат қилдик. Улар рад жавобини беришяпти.

Aрчаларни кесиш учун келмадик. Уларни кўчириб ўтказмоқчимиз. Фуқароларни иш билан таъминламоқчимиз. Қизиқ, нега унда бу ҳудуд аукционга қўйилди? Биз шунча пул тўлаб, шунча ҳаракат қилиб, ерни қонуний сотиб олдик. Нега энди ташкилотлар рухсат бермаяпти?» – дейди тадбиркор.

«Ерни шаҳар ёки туман ҳокимлиги аукционга қўймаган» — Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Масалага изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан боғландик. Ҳокимлик вакилининг маълум қилишича, янги тартибга асосан ернинг аукционга қўйилишини ҳоким ҳал қилмайди.

Ерни Давактив ва Кадастр агентликлари аукционга қўяди, аукцион ғолибига бериладиган сертификат қарор кучига эга, деди шаҳар ҳокимлиги вакили.

Аукциондан олдин Экология бошқармаси дарахтларни сақлаб қолиш шарти билангина бу жой сотилишига розилик берган

Ерни аукционга чиқарган E-Ijro auksion савдо майдончасига кўра, бу жой – бўш турган ер участкаларини тадбиркорлик қилиш учун бериш ҳақидаги ҳукумат қарорида белгиланган тартибда сотувга қўйилган.

Бу тартибга мувофиқ, Кадастр палатаси филиаллари хатлов ўтказиб, бўш ер участкаларини аниқлаган ва уларни сотиш учун кейинги жараёнлар бошланган. «Шаҳристон» метро бекати ёнидаги арчазор ҳам шу тахлит бўш ер участкаси деб топилган ва порталга жойланган, сўнг уни савдога чиқаришга ўндан ортиқ ваколатли орган розилик берган.

Қизиғи, розилик берган ташкилотлар орасида Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳам бор.

Бошқармага 2020 йил 15 март куни сўров юборилган бўлиб, орадан 5 кун ўтиб идора билан шартли равишда келишилган. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар экология бошқармаси Kun.uz'га қуйидагича изоҳ берди:

«Бошқарма томонидан берилган хулосада тадбиркор келажакда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 541-сонли қарори асосида давлат экологик экспертиза хулосасини олиши, ҳудуддаги мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш шарти билан эътироз билдирмайди, деган ижобий хулосани берганини маълум қиламиз».

Барча изоҳлардан сўнг ҳам масала чигаллигича қолмоқда. Тадбиркор ерни қонуний олганини, аукционда қатнашиш пайтида ҳудуддаги дарахтларни кесмаслик шарти борлигидан бехабар эканини айтмоқда. Афтидан, нафақат аукцион ғолиби, балки шу лот бўйича закалатни тўлаб, савдода қатнашган барча 38 иштирокчи бу талабдан бехабар бўлган.

Хуллас, аҳоли ва экологлар дарахтлар кесилмаслигини қатъий талаб қилмоқда, қарийб 1 млрд сўмга ерни сотиб олган тадбиркор эса унга бундай шарт қўйилмаганини айтяпти. Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда ва ёритишда давом этади.

Раҳматилло Исроилов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти