Жамият | 11:34 / 15.04.2021
43924
7 дақиқада ўқилади

Оммалашиб бораётган «гиёҳвандлик». Тотализаторнинг қандай зарарли томонлари бор?

Букмекерлик ва тотализаторларда спорт ўйинлари натижасига пул тикиб, ютуқ олиш имконияти ваъда қилинади. Бу айни қимор ўйинидан бошқа нарса эмас. Одамларда меҳнат қилмай, қийналмай, осон ва тез пул топишга бўлган истак уларни мана шундай жирканч иш – қимор ўйнашга, қиморга йўналтирилган каналларга аъзо бўлишга ундамоқда.

Охирги пайтларда ёшлар орасида спорт ўйинларига пул тикиш тенденцияси тобора оммавийлашиб бормоқда. Бунга баъзи инсонлардаги меҳнатга куч сарфламай, осон пул топишга бўлган кучли хоҳиш ҳам қайсидир маънода сабаб бўлмоқда. Натижада касб-ҳунар эгаллаш, билим олишга сарф қилиниши керак бўлган пул, энергия ва вақт кераксиз ҳамда зарарли «қимор» ўйини учун сарфланмоқда.

Букмекер қиморбозлар ўртасида ўзини гўёки ўртакашлик қилаётган воситачидек кўрсатади, аслида у ўйинчини «азарт» сиртмоғига тушириб, бечорани узоқ вақт «соғиб» боради.

Букмекерлик ўйинлари нима сабабдан Ўзбекистонда тез оммавийлашиб кетди?

Эътибор бериб қараладиган бўлса, тотализатор Ўзбекистонда асосан ёшлар ўртасида оммавийлашиб кетаётганини кузатиш мумкин. Эндигина катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар умри давомида босқичма-босқич эришиладиган муваффақият ва ютуқларга бир лаҳзада эга бўлишни хоҳлашади.

Бундан ташқари, эътибор бериб қаралса, букмекерлик ўйинлари, лотереялар тез оммавийлашиб кетадиган мамлакатлар аҳоли турмуш даражаси ва даромадлари кам бўлган мамлакатлар бўлади. Бунга одамлардаги қандайдир «мўъжизавий ютуқ» орқали ҳаётининг тубдан яхшиланишига бўлган кучли иштиёқ сабаб бўлади.

Шунингдек, маълумотларга кўра, тотализатор билан шуғулланувчи компаниялар бутун дунёда маркетинг ва рекламага Coca-Cola ва Pеpsi’дан кейин энг кўп маблағ сарф қиладиган ташкилотлар ҳисобланади. Натижада ҳозирда ҳар қайси ижтимоий тармоқларда букмекерлик ташкилотларининг ташвиқотларини кузатиш мумкин.

Таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг қандай салбий жиҳатлари бор?

Қиморга қарамлик - бу кўплаб салбий психологик, жисмоний ва ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган прогрессив «гиёҳвандлик» ҳисобланади.

Вақт бекорга сарфланиши. Дастлаб қўшимча даромад топиш, кейинчалик «азарт» сиртмоғига тушиб ютқазилган пулнинг ўрнини қоплаш мақсадида кунлаб, ҳафталаб, ойлаб ва ҳатто йиллаб кетказилган вақт натижасида инсон ўз шахсий тараққиёти учун инвестиция қилиши керак бўлган бебаҳо неъматини йўқотади.

Соғликка таъсири. Таваккалчиликка асосланган ўйинлар инсонда умидсизлик ва ночорлик ҳиссиётларини келтириб чиқаради. Ушбу «гиёҳвандлик» билан яшайдиган одамлар депрессия, мигрень, ичак касалликлари ва стресс билан боғлиқ бошқа муаммоларга дуч келишлари исботланган. Йирик суммадаги маблағни ютқазиш инсон ҳузур-ҳаловатини йўқотишига олиб келади. Ўйинга берилиб кетганлар ётганида ҳам, турганида ҳам, ҳар доим пул тикиб ютиш ҳақида ўйлашади. Зарарли оқибатлари туфайли, кўплаб мамлакатларда қимор ўйинларига қарамлик соғликни сақлаш соҳасининг муҳим муаммоларидан бири ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги бир неча йил ичида глобал миқёсда тотализатор ўйнаш даражаси ошган. АҚШда сўнгги йилларда 6 миллиондан ортиқ одам қимор ўйинлари сабаб касал бўлиб, даволанишга муҳтожлигини маълум қилган.

Молиявий муаммолар. Инсон ўзига, яқинларига ва хайрли ишларга ажратиши керак бўлган маблағларни асоссиз тарзда йўқотади. Молиявий қийинчиликлар сабаб одамлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кўпаяди.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан бирининг талабаси 1xbet.bet тотализаторида 1000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ютқазгани ва шундан 600 АҚШ доллари ўртоқлари ва танишларидан олган қарзлари эканлигини маълум қилган. Шу сабабли ижарага машина олиб, дарсдан кейин, тундан тонггача кира қилаётганини айтиб ўтган. Қўшимча қилишича, унинг ҳаётида ёлғончилик, фирибгарлик каби салбий жиҳатлар одатий ҳолга айланиб қолган.

Бундан ташқари, тотализатор мамлакат ичидаги маблағларнинг асоссиз равишда четга чиқиб кетишига ҳам сабаб бўлади. Энг қизиғи, шу маблағлар эвазига республикага ҳеч қандай маҳсулот, технология ёки хомашё кириб келмайди.

Тотализатор ўйнаш ва унда ютилган пуллар ҳалолми?

Ислом динида бандаларнинг бир-бирларининг молида ҳам жонида ҳам ҳаққи йўқ эканлиги кўп таъкидланган. Бир нарсага эътибор қаратиш керак: сиз пул тикиб ютган маблағингизни ўша фаолият тури билан шуғулланувчи компания берадими? Йўқ албатта. Бу маблағлар кимларнингдир мағлубияти ҳисобидан қопланади.

Бошқача қилиб айтганда, ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйинга қимор дейилади.

Ислом динида қимор қаттиқ қораланган ва гуноҳи кабира дейилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Моида сураси 90-оятида шундай дейди:

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз».

Ислом динида инсонлар ҳалол меҳнат қилиб пул топишга буюрилган. Бировни алдаб, хиёнат қилиб, муттаҳамлик йўли билан унинг мулкига эга бўлиб олиш ҳаромдир. Қимор эса айнан шундай йўл билан пул топишдир.

Нимага эътибор бериш керак?

Тотализатор бозоридаги сўнгги тенденциялар ва ҳаракатлантирувчи омиллар ва умумий бозор муҳити бўйича ўрганилган таҳлилларга кўра, 2020-2024 йилларда спортга пул тикиш бозори 134 миллиард долларга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳозирги ҳолатга нисбатан 10 фоизлик ўсиш дегани. Спорт мусобақаларига онлайн пул тикиш орқали бойиб кетиш саробдан бошқа ҳеч нарса эмас. Спорт мусобақаларига пул тикиш орқали молиявий барқарорликка эришишнинг имкони бўлганида, катта миқдорда даромад келтирувчи букмекерлик компаниялари ва уларга тегишли интернет сайтларнинг сони бугунги кунда бутун дунё бўйича ўсишда давом этмаган бўларди. Пул топишнинг бундай йўлидан фойдаланувчи инсонлар катта эҳтимол билан ўз маблағларини йўқотиши ҳақиқатга анча яқин.

Тотализаторга аралашиб қолган одам спорт ўйинларини кузатишга, диққатини қаратишга кўп вақтини сарфлаб юборади. Баъзи пайтларда ўйин натижаларини топган «қиморбоз»нинг ютган пули аввалги ютқазишларни қопламайди ва яна ўйинларга тикилиб йўқ бўлиб кетаверади.

Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси президентининг футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқишни назарда тутувчи фармони билан спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилган.

Аммо, бу билан фармондан кўзланган мақсадга қай даражада эришилди, ҳозирча бу ҳақда бирор маълумот йўқ.

Эътиборлиси, шу пайтгача тотализатор ўйнаб бойиб кетганларни ҳеч ким билмайди, аммо афсуски, хонавайрон бўлганларни орамизда кўплаб учратишимиз мумкин.

Энергия, қимматли вақтни ва соғликни арзимаган «қимор» ўйинларига сарфлаб юборишдан тийилайлик, дўстлар!

Достон Аҳроров,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид