Спорт | 13:57 / 15.04.2021
18454
9 дақиқада ўқилади

Зидан яна Клоппдан устун, «Ливерпуль» эса янгиланиши керак

Инглизлар Чемпионлар лигасининг 1/4 финали жавоб учрашувида испанлар дарвозасига йўл топа олмади (0:0) ва турнирни тарк этди. Қизиллар 2018 йил финалидаги мағлубият учун «Қироллик клуби»дан қасос ололмади.

Фото: Michael Regan/Getty Images

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Жавоб ўйини
«Ливерпуль» (Англия) — «Реал» (Испания) — 0:0

«Ливерпуль»: Алиссон, Робертсон, Александр-Арнолд, Филлипс, Ўзан Кабак (Тиагу Алькантара, 60), Милнер (Жота, 60), Вейналдум, Фабинью, Роберто Фирминьо (Окслейд-Чемберлен, 82), Салоҳ, Мане (Шақири, 82).
«Реал»: Куртуа, Начо, Менди, Эдер Милитао, Модрич, Кроос (Одриосола, 72), Каземиро, Вальверде, Бензема, Асенсио (Иско, 82), Винисиус Жуниор (Родриго, 72).
Огоҳлантиришлар: Робертсон, 25. Каземиро, 25. Филлипс, 59.
Ҳакам: Кюперс (Нидерландия).
14 апрел. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:3.

Зинедин Зидан бошқарувидаги «Реал» Чемпионлар лигасидан плей-оффда чиқиб кетиши фақат бир марта — франциялик мутахассиснинг тўлиқсиз мавсумида рўй берган, ўшанда 1/8 финалда «Манчестер Сити»га қарши икки учрашув ҳам 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан тугаганди. Бу мураббий билан мадридликлар асосий еврокубокда қаторасига уч мавсум ғолиб бўлишган, бунга қадар ЕЧЛда бирор клуб аввалги мавсумдаги чемпионликни сақлаб қола олмаганди. Бу ютуқ — ақл бовар қилмас натижа, ҳатто «Қироллик клуби» имкониятларини ҳисобга олганда ҳам.

Лекин бунинг учун Зиданни буюк мураббий деб аташ мумкинми? Ёки ҳеч бўлмаса, замонавийнинг энг яхши мураббийи дейиш? Зизунинг танқидчилари етарлича, худди Клопп ва Гвардиолада бўлгани каби. Аммо немис ва испан мутахассисдан фарқли ўлароқ, 1998 йилги жаҳон чемпионига бир жиддий эътироз бор: «Реал»да «Ман Сити» ёки «Ливерпуль»да бўлган ўзига хос услуб йўқ. Кўпчилик ўша ғалабали уч мавсумда «қаймоқранглилар»га ғолибликни «омад коктейли», ҳакамларнинг хатолари ва Криштиану Роналду омили келтирган деб ҳисоблайди. Кўпчилик эслайди: Финаллардан бирида Рамоснинг голи офсайддан киритилган, бошқасида Кариус ёрдам берган, «Ювентус»га қарши чорак финал ўйинида «юраги ўрнида чиқинди идиши бўлган ҳакам» ишлаган... Бундан ташқари, нисбатан енгил тақвим ҳам «Реал»нинг ишини осонлаштирган. 2015/16 йилги мавсумдаги рақиблар: «Рома», «Вольфсбург», Гвардиоладан олдинги «Манчестер Сити» ва финалда «Атлетико».

Гапнинг индаллоси, Зиданга саволларни кўп бериш мумкин. Ва Зинедин ҳозир жавоб бериши керак. Криштиану аллақачон жамоани тарк этиб кетган. Энди рақиблар қийинроқ: «Реал» энг қийин гуруҳдан плей-оффга чиқди, плей-оффда дастлаб «чақилмас ёнғоқ» «Аталанта»нинг тўсиғидан ўтди, энди «Ливерпуль» турнирдан чиқариб юборилди. Ҳа, ҳозир қизилларнинг энг яхши даврлари эмас: ҳимоя марказида сифатли футболчилар йўқ, жамоавий ўйин ҳам аввалгидек эмас. Аммо «Реал» ҳам кадрлар муаммосига дуч келган: Рамос, Варан, Азар, Васкес, Карвахаль каби футболчилар сафдан чиққан. Ҳакамлар қўллаб-қувватлови ҳақида гаплар ўринсиз: биринчи ўйинда ҳам, жавоб ўйинида ҳам улар рисоладагидек ишлашди.

«Ливерпуль»нинг ҳимоядаги муаммолари ҳақида бутун мавсум давомида гапиришди. Аммо «Реал»нинг ҳимоясидаги муаммолар ҳам ундан кам эмасди. Марказдаги асосий жуфтликдан (Рамос ва Варан) ташқари, ўнг қанотда Карвахаль ҳам ўйнай олмаяпти, унинг ўрнида ўйнаб турган универсал футболчи Васкес класикода сафдан чиқди. Назарий жиҳатдан, бу ерда Начони ҳам ўйнатиш мумкин, аммо у марказда керак. Бу ҳолатда мураббийдан ижодий ёндашув талаб этиларди.

Зидан Феде Вальверде орқали муаммоларга ечим топди. Вальвердеда бу позицияда ўйнаш тажрибаси йўқ эди, бу позициядаги биринчи ўйин эса ЕЧЛда «Ливерпуль»га қарши кечди. Қолган позицияларда сюрпризлар йўқ: Асенсио ва Жуниор ҳужум қанотларида туширилди, яримҳимоя марказидаги учлик (Кроос, Модрич, Каземиро) ва Бензема ўйнаши ҳақида бир ҳафта олдин ҳам аниқ айтиш мумкин эди.

Клопп Мадриддаги ўйин билан солиштирганда икки ўзгариш қилди, иккисини ҳам хатони тўғрилаш деб аташ мумкин. Кейта ва Жота ўрнига бошланғич таркибда Милнер ва Фирминьо тушди. 

«Ливерпуль» илк дақиқалардан ҳужумга отланди. Майдон эгаларининг дастлабки 10 дақиқадаги кўрсаткичи: икки зарба, уч бурчак тўпи, жарима майдонига олти узатма ва тўпга эгалик қилиш бўйича 62 фоизлик устунлик.

Бўлим охирида ҳам мерсисайдликлар илк дақиқалардаги каби фаол бўлишди. Сўнгги дақиқаларда мезбонлар иккита яққол голли вазият юзага келтиришди - икки ҳолат ҳам ҳужум чизиғи вакилларининг индивидуал маҳорати билан бўлди. Вейналдум узун пас билан Манени олдинга бошлади, у эса Салоҳни зарба бериш вазиятига чиқарди, аммо мисрлик футболчи бу оқшомда иккинчи қулай вазиятини кўкка совурди. Бир дақиқа ўтиб Александр-Арнольд бир неча рақиб орасидан ўтиб жарима майдонига ёриб кирди ва тўпни диагонал пас билан очиқ турган Вейналдумга узатди - аммо нидерландиялик футболчи ҳам гол уролмади.

Бундай ҳужумлар «Ливерпуль» икки бўлимда ниҳоят рақибни таслим қилади деган тасаввур уйғотарди. Аммо «Реал» бундай босимга ҳатто экспериментал ҳимоя чизиғи билан ҳам тайёр бўлиб чиқди ва барча ҳужумларга туриб берди. Жами уч соатлик ўйинда «Ливерпуль» ҳужумчиларидан атиги бир гол ўтказиш — бу ҳимояни олқишлаш учун сабаб бўла олади.

Жамоа қарши ҳужумларга ҳам кўп чиққани йўқ, лекин асосий вазифани уддалади - «Реал» рақибнинг ўйинини ўлдирди. «Ливерпуль» иккинчи бўлим бошида хавфли вазиятлар ярата олмади, майдонда асосан тўп учун кураш кечди. Меҳмонлар ҳимояга ётиб олгани йўқ - майдон марказидаги футболчиларнинг саъй-ҳаракати билан тўп рақибга топшириб қўйилмади. Мане ва Салоҳ ўрнини алмаштириб ҳаракатлангани ҳам фойда бермади.

Ўйиннинг бир соати ортда қолганида Клопп икки ўзгариш амалга оширди. У чарчаган Милнер ва ҳимоя марказидаги Кабакни олиб, Алькантара ва Жотани туширди. Фабиньо ҳимояга қайтарилди, таянч ҳудудида Вейналдум Алькантара билан ўйнай бошлади, ҳужумда эса биратўла тўрт футболчи ҳаракатлана бошлади. Ўйиннинг охирги қисмида Вейналдум ҳам олдинроққа чиқди, Трент эса ортга қайтмай ўйнай бошлади.

Ўйин очила бошлади. Икки томонда ҳам вазиятлар юзага кела бошлади. Фирминьонинг хавфли зарбасини Милитао қайтарди, узатмани дарвозага жойлаб қўймоқчи бўлган Бенземага Филлипс ўз вақтида қаршилик кўрсатди.

Фото: Nick Taylor/Getty Images

Зидан ўз алмаштиришлари билан жавоб берди. У барибир Одриосолуни туширди (у жорий мавсумда барча турнирлар доирасида фақат уч ўйинда бошланғич таркибда ўйнаган) - Кроос ўрнига. Вальверде Кроос ўрнига ўтди, Одриосолу ўзи учун одатий бўлган ўнг қанотга. Винисиус ўрнига Родриго чиқди, Асенсио ўрнига Иско. 4-3-3 схемаси 4-5-1га ўзгарди. Родриго ва Иско қанот ҳужумчилари сифатида тушган бўлишса-да, орқароқда ўйнашди. «Реал» ўйин охирида ҳимояланиш билан шуғулланди. 80-дақиқадан кейин «Ливерпуль»нинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги 80 фоизга яқинлашди - лекин яққол вазиятлар юзага келмади. Меҳмонлар ҳимояланишди, аммо вазиятни назорат қилишди.

Бу Зиданнинг ғалабаси. Айнан у «Реал» ўйинини шундай қурдики, «Ливерпуль» икки ўйинда ҳам ҳатто ярим финал ҳидини сеза олмади. Инглизлар учун бу фожиа: энди тан олиш керак, Юрген Клопп бу мавсум совринсиз қолди. Жамоа ўзгариши керак, муаммо фақат ван Дейкнинг жароҳатида эмас, Салоҳ, Мане, Фирминьо ва Жота бир вақтда ўйнаганда ҳам гол бўлмади.

«Реал» эса таркибдаги даҳшатли муаммоларга қарамасдан, Роналду ёки унинг ўрнига олиб келинган Азара йўқлигига қарамасдан, ички чемпионатда ҳам, Чемпионлар лигасида ҳам курашни давом эттирмоқда. Плей-офф босқичи бошланиши арафасида Зиданнинг жамоасини фаворитлар қаторида кўришмаётганди, кўпчилик бу жамоа ҳатто «Аталанта» тўсиғидан ўта олмаслигини тахмин қилганди. Аммо «Қироллик клуби» характер кўрсатди ва энди жамоа бемалол финалга чиқиш ҳақида ҳам ўйлаши мумкин.

Кейинги рақиб эса — «Челси».

Мавзуга оид