Мбаппеда покер, «Ливерпул»да йирик мағлубият. ЕЧЛда кун ўйинлари
|17:24 / 27.11.202514 02516 мин
«ПСЖ» ва «Тоттенҳэм» ўйинида 8 та гол урилди, «Реал» Грецияда учта гол ўтказди, аммо ғалаба қозонди, «Интер»да илк мағлубият. Чоршанба оқшомида ЕЧЛнинг 5-тури доирасида бўлиб ўтган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.
«Реал» ўз тарихида бирор марта Грециядаги ўйинларда ғалаба қозона олмаганди, шундай қийин сафар олдидан жамоа ошқозони оғриб қолган Куртуасиз қолди. Бу мавсумда биринчи марта ўйнаган Лунин эса Шикинюнинг яқин бурчакка зарбасидан кейин тезкор гол ўтказиб юборди. Аммо мезбонлар муваффақиятини ривожлантира олмади ва шундан кейин Мбаппе катта саҳнага чиқди. Мадридликлар айнан ушбу француз ҳужумчининг голлари эвазига бешинчи уринишда «Олимпиакос»ни сафарда мағлуб этди.
Килиан етти дақиқа ичида ҳет-трик расмийлаштирди. Аввалига Винисиус Жуниорнинг тривела услубидаги пасига очилиб, ҳимоячилардан қочиб кетди ва ҳисобни тенглаштирди. Кейин Арда Гулернинг узатмасидан бош билан голга айлантирди. Яна бир неча дақиқа ўтиб мезбонларни юқори ҳимоя чизиғи учун жазолади. Бу вақтда ўйиннинг ярим соати ҳам ўтмаганди (28 дақиқаю 19 сония). Бу орқали у ЕЧЛда энг тез ҳет-трик қайд этган учинчи футболчига айланди: бу 2022 йил «Бавария» сафида «Страсбур»га 22 дақиқаю 18 сония ичида учта гол урган Левандовски ва 1996 йилда «Милан» сафида «Русенборг» дарвозасини 24 дақиқаю 22 сония ичида уч бор ишғол қилган Марко Симонедан кейинги учинчи натижа.
Шу билан бирга, Мбаппе ЕЧЛ тарихида сафар ўйинларида тўрт марта ҳет-трикка эришган илк футболчига айланди. Ва оқшом қаҳрамони учта гол билан кифояланмасдан, Винисиуснинг навбатдаги паси эвазига покерни расмийлаштирди. Шу билан бирга, у бу голни жуда зарур паллада урди, ундан олдинроқ Торимий ҳисобни қисқартиришга эришганди. Кейинроқ мезбонлар яна бир гол уришди ва Мбаппенинг айнан тўртинчи голи ғалаба голи бўлиб чиқди. Бу ғалабадан кейин «Реал» очколари сонини 12 тага етказиб, бешинчи ўринга кўтарилди.
● «Реал» қаторасига уч ўйинда очко йўқотишан кейин илк ғалабага эришди: бу нохуш серия «Ливерпул»га қарши ўйиндаги 0:1 билан бошланган, кейин ички чемпионатда «Райо Валекано» ва «Элче»га қарши ўйинларда дуранг қайд этилганди. Бу омадсизликлардан кейин ҳатто Ҳаби Алонсонинг истеъфоси ҳақида гаплар чиқа бошлаганди, аммо ғалабадан кейин вазият ўзгариши мумкин.
Мавзуга оид
● Мбаппе фаолиятидаги тўртинчи покерни урди, шу билан бирга, бу ЕЧЛдаги биринчиси. Килиан турнирнинг беш турида тўққиз гол урди ва тўпурарлар пойгасида яққол пешқадамлик қилмоқда. У Криштиану Роналдунинг бир мавсумдаги голлар сони бўйича рекордини янгилаши мумкин: 2013/14 йиллар мавсумида португалиялик ҳужумчи 17 гол урганди. Килиан шу суръатда давом этса бу натижани яхшилаши мумкин.
Кейинги турда «Реал» уйда «Манчестер Сити» билан ўйнайди, «Олимпиакос» Қозоғистонда «Қайрат» меҳмони бўлади.
«ПСЖ» ўйинни қийинчилик билан бошлади, дастлабки ярим соат ичида фақат Хвича Кварацхелиянинг олис масофадан йўллаган зарбаси ёдда қолди. «Тоттенҳэм» эса ўз вазиятини кутди ва 31-дақиқада бу имкондан фойдаланди: парижликларнинг ижара асосида лондонликлар жамоасида ўйнаётган ҳужумчиси Рандал Коло-Муани дарвозабон ҳудудида турган Ришарлисонни голли пас билан таъминлади.
Мезбонлар эса танаффус арафасида мувозанатни тиклади: Витиня узоқ масофадан зарба йўллаб, тўққизликни аниқ нишонга олди.
Иккинчи бўлимда эса «Тоттенҳэм» бурчак зарбасидан кейин яна ҳисобда олдинга чиқиб олди: бу сафар Коло-Муанининг ўзи рақиб жарима майдони ичидаги тартибсизликдан фойдаланиб гол уриб кетди. Аммо шундан кейин ўйин назорати тўлиқ «ПСЖ»га ўтди: уч дақиқа ўтиб Витиня дублга эришди, яна бир неча дақиқа ўтиб Фабиан Руис рақиб ҳимоячилари хатосидан фойдаланиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 65-дақиқада эса мезбонлар ҳимоячиси Вилян Пачо орадаги фарқни оширди.
Аммо 72-дақиқадаёқ Коло-Муани дубл муаллифига айланди ва ўйинга интрига қайтарди. Аммо уч дақиқа ўтиб айнан у ўз жамоаси дарвозасига пеналти белгиланишига сабабчи бўлди – Витиня нуқтада адашмади. Португалиялик яримҳимоячи хет-трикка эришиб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Сўнгги дақиқаларда Эрнандез қизил карточка олиши ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олмади.
● «ПСЖ» ўтган турда «Бавария»даги мағлубиядан (1:2) кейин қаторасига учинчи ўйинда ғалаба қозонди. Бу оралиқда ички чемпионатда «Лион» (3:2) ва «Гавр» (3:0) мағлуб этилганди. Қатор етакчилар жароҳат олиб сафдан чиққанига қарамай, жамоа ўйинида пасайиш юзага келмаяпти.
● «Тоттенҳэм»да эса сўнгги 10 ўйинда фақат уч ғалаба бор. Лондонликлар кучли рақибларга қарши барча ўйинларда ютқазди, «МЮ» ва «Монако» каби инқироздаги жамоалар билан дуранг ўйнади.
Кейинги турда «ПСЖ» «Атлетик» меҳмони бўлади, «Тоттенҳэм» «Славия»ни қабул қилади.
«Интер» Мадриддаги ўйинни ўта тажовузкор бошлади ва дебютдаёқ Муссо мезбонларни қутқаришига тўғри келди. Аргентиналик дарвозабон Димарконинг жарима зарбасидан кейин тўққизликка бораётган тўпни олиб чиқди. Лекин «Атлетико» омад эвазига ҳисобни очди, Карлос Аугусто аввалига Жулиано Симеонега бораётган пасни тўсиб чиқолмади, кейин эса тўпни қайтаришда хато қилиб, уни рақибга топширди, Хулиан Алварес эса бундан фойдаланиб қолди. Арбитр аввалига голни ҳисобга олмади, аммо монитор қаршисига бориб, ҳужум вақтида тўп Баэнанинг қўлига тегмаганига амин бўлди.
Иккинчи бўлим ҳам меҳмонларнинг ҳужумлари билан бошланди. Барелланинг зарбаси тўсинга борди, лекин Зелински Бонни билан девор услубида ўйнаб, жарима майдонига кириб борди ва ҳисобни тенглаштирди. Диего Симеоне шогирдлари бу зарбадан кейин ўзини йўқотмади ва ўйин охирида тарози палласини ўз томонига оғдира олди. Захирадан ўйинга қўшилган Гризманн ўзининг биринчи имкониятидан фойдалана олмаганди, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса унинг бурчакдан узатмаси Хименеснинг голига ассистга айланди. Бу «Атлетико» ЕЧЛда олтинчи марта қўшимча дақиқаларда ғалабани илиб кетиши бўлди.
Олдинги тўрт турда 12 очко тўплаган «Интер» илк мағлубиятни қабул қилди, аммо турнир жадвалининг юқори қисмида қолди. «Матрасчилар» эса очколари сонини 9 тага етказиб, 12-ўринга кўтарилди.
Ўйин бошланиши билан «Ливерпул» учун даҳшатли туш давом этди: мерсисайдликлар сардори Виржийл ван Дейк жарима майдони ичида баскетбол ўйнади ва белгиланган пеналтини Перишич аниқ ижро этди.
Шу билан бирга, нидерландияликлар ЕЧЛдаги қизиқ анъанасини давом эттирди – жамоа ўн биринчи ўйиндирки ҳам ўзи гол урмоқда, ҳам ўтказиб юбормоқда. 18-дақиқада Коварж Гакпонинг зарбасини қайтарди, аммо тўп жарима майдонида турган Собослаига бориб тушди ва ҳисоб тенглашди.
Аммо бу камбэкнинг бошланиши бўлмади. Петер Бос шогирдлари «Энфилд»га фақат уч очко учун келганди ва ўтган турда «Наполи» йирик ҳисобда мағлуб этилгани (6:2) бежиз эмаслигини исботлади. «Ливерпул» эса ушбу жамоанинг навбатдаги номдор қурбонига айланди. Иккинчи бўлим бошида аввалига Тил меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, ўйин охирида Дриух дубл расмийлаштириб, ҳисобни йириклаштирди. Мерсисайдликлар қаторасига учинчи ўйинда йирик ҳисобда ютқазди, бунақаси жамоада 1992 йилдан буён кузатилмаганди. Эндиликда қизиллар умумий гуруҳ жадвалида 13-ўринда қолмоқда ва Арне Слотнинг курсиси қаттиқ қимирлай бошлади.
«Спортинг» ўйин дебютида озчилик бўлиб қолиши мумкин эди, аммо VAR вазиятга аралашди ва бош ҳакам Юлманнга кўрсатган қизил карточкасини сариққа алмаштирди. Бу ҳолатда швециялик яримҳимоячи чиндан ҳам оёғини юқори кўтарганди, аммо ўз вақтида тортиб қолган ва рақибнинг юзига тегмаганди.
Таркиблар тенг ҳолатда эса «шерлар» ишончли ғалабани расмийлаштирди. Лиссабонликлар сафида Кенда ва Катамо ўзини кўрсатди. Биринчиси рақиб дарвозасига орқа қилиб турган ҳолда тўпни қабул қилиб, ўгирилди ва аниқ зарба бериб, ҳисобни очди. Иккинчиси эса ҳисобдаги устунликни оширган Суаресни голли пас билан таъминлади. Иккинчи бўлимда эса Тринкау ҳисобни йириклаштирди. Бу ғалабадан кейин «Спортинг» тўғридан тўғри плей-оффга йўлланма берадиган кучли саккизликка кириб олди.
«Қайрат» Копенҳагендаги ўйиннинг 80-дақиқасигача 0:3 ҳисобида ортда бораётганди. Агар ўйин давомида олтита сейв амалга оширган Анарбеков бўлмаганида вазият янада аянчли тус олиши мумкин эди. Аммо ўйин охирида мезбонлар дарвозабони Котарски ўйинга интрига қайтарди. Унинг қўпол хатосидан кейин қозоғистонликларнинг 17 ёшли ҳужумчиси Сатпаев ҳисобни қисқартирди, кейин эса яримҳимоячи Байбек чиройли комбинацияни гол билан якунлади. Аммо меҳмонларда ҳисобни тенглаштириш учун вақт етмай қолди.
Биринчи бўлимда «Аталанта»нинг омади келмади – Лукман ва Скамакканинг зарбаларидан кейин тўп дарвоза устунига борди. Иккинчи бўлимда эса «Айнтрахт»нинг омад лимити якунланди, аввалига 59-дақиқада мезбонлар тўпурари Буркардт жароҳат олиб, тиббиёт ходимлари кўмагида майдонни тарк этди. Кейинги беш дақиқа ичида эса меҳмонлар учта гол уришди ва ўйин тақдирини ҳал қилишди. Аввалига Де Кетеларенинг узатмасидан кейин Лукман ҳисобни очди. Эдерсон ҳисобдаги фарқни оширди, Де Кетеларенинг ўзи якуний ҳисобни ўрнатди. Рафаэле Палладино шогирдлари кучли саккизликка кириш учун яхши имконият ҳосил қилишди.
«Монако» яна ғалабасиз қолди. Кипрда меҳмон бўлган монегаскликлар икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олди ва уч очко билан қайтишга яқин эди, аммо 88-дақиқада тўсиндан қайтган тўп аввал Салисанинг бошига, у ердан эса Градецки қўриқлаётган дарвозага йўл олди. Бу «Монако» учун беш турдаги учинчи дуранг бўлди ва энди жамоа 6 очко билан 23-ўринда илиниб турибди. «Пафос»да ҳам шунча очко, лекин қўшимча кўрсаткичлар ҳисобида бир поғона пастда жойлашган.