Англия: «Тоттенҳэм» яксон этилди

«Арсенал» – «Тоттенҳэм» 4:1
Голлар: Троссар, 36 (1:0). Эзе, 41 (2:0). Эзе, 46 (3:0). Ришарлисон, 55 (3:1). Эзе, 76 (4:1)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Инкапие (Москера, 88), Калафиори (Люис-Скелли, 90+2), Тимбер, Субименди, Райс, Эзе, Троссар (Мадуэке, 78), Сака, Мерино (Нванери, 88)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Ромеро, ван де Вен, Дансо (Симонс, 46), Палиня, Бентанкур (Сарр, 66), Удожи, Спенс (Порро, 78), Қуддус (Жонсон, 78), Одобер (Коло Муани, 66), Ришарлисон
Огоҳлантиришлар: Райс, 87 – Бентанкур, 32. Ромеро, 70. Порро, 87

«Сити»нинг шанба кунги мағлубиятидан кейин «Арсенал» иккинчи ўрин билан орадаги фарқни олти очкога ошириб олиш имкониятига эга бўлди. Ва Артета шогирдлари бу вазифани ишончли тарзда уддалашди. Ҳатто қатор етакчи футболчилар жароҳат туфайли ёрдам бера олмаган бўлса-да. Габриэл Магаляйнс терма жамоа йиғинидан жароҳат билан қайтди ва яқин ҳафталарда жамоага ёрдам беролмайди. Унинг ўрнига марказий ҳимояда ёзда «Байер»дан ижарага олинган Пиеро Инкапие тушди, бу эквадорлик футболчи учун АПЛда илк бор бошланғич таркибдан ўрин олиши бўлди.

«Тоттенҳэм» бош мураббийи Томас Франко беш ҳимоячидан иборат таркиб танлади (Кристиан Ромеро, Микки ван де Вен ва Кевин Дансо марказий ҳимояда). Европа Суперкубоги учун «ПСЖ»га қарши ўйинда бу ғоя иш берганди, бу сафар эса ўйланган ишлар ўхшамади. Ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ Деклан Райс қулай нуқтадан зарба йўллаб, ҳисобни очиши мумкин эди, аммо тўп дарвозабон турган жойга борди. Ва бутун бўлим давомида ўйин фақат бир дарвоза томон кечди. Меҳмонлар қўполликлар эвазига «Арсенал» ҳужумлари темпини туширишга ҳаракат қилди, аммо бу фойда бермади. Ван де Вен Леандро Троссарнинг оёғини босиб олди, аммо ҳакам бу ҳаракат учун ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмади. Кейин Жоау Палиня рақибни қулатди, кўп ўтмай Муҳаммад Қуддус бутсаларининг остки қисми билан Инкапиенинг қонига тепди, ҳакам уларни кечирди. Натижада «Арсенал» футболчилари ҳам жавоб қайтаришни бошлади, Риккардо Калафиори ва Букайо Сака ҳам яққол фоллар ишлатишди.

Барча «Арсенал» ўз голини уришини ҳис қилиб турарди ва бу 36-дақиқада рўй берди. Йокереш сафга қайтмагани туфайли яна бир бор марказий ҳужумчи позициясида тушган Микел Мерино ҳимоячилар ортига шедевр пас узатди, Троссар тўпни ўзига бўйсундирди ва ўгирилиб, бурчакни аниқ нишонга олди. Беш дақиқа ўтиб мезбонлар иккинчи голни ҳам уришди. Бу сафар Эберечи Эзе жарима майдони чизиғи олдида Райсдан тўпни қабул қилиб олиб, финти билан ҳимоячиларни йўлдан олди ва тўпни ерлатиб бурчакка аниқ йўналтирди. Биринчи бўлимда Артета шогирдлари зарбалар бўйича яққол устунликка эришди – 8:0. Тўп амалда «Тоттенҳэм» ҳужум чизиғи вакилларигача етиб бормади. Ришарлисон эса биринчи бўлим давомида бирор марта аниқ узатма беролмади.