14:18 / 17.04.2021
5409

Давлат мулкини сотишда ҚҚСни ким тўлайди?

Давлат мулкини реализация қилганда қўшимча қиймат солиғини реализация қилиш тартиби қандай бўлиши борасида Давлат солиқ қўмитаси ахборот тушунтириш материалини эълон қилди.

ҚҚСни ким тўлайди?

Солиқ кодекси 256-моддаси иккинчи қисмига асосан Ўзбекистон ҳудудида давлат мол-мулки реализация қилинганда (берилганда) қўшилган қиймат солиғи, ушбу мулкнинг харидори (солиқ агенти) томонидан тўланади.

ҚҚСни тўлаш, сотиб олувчининг солиқ тўлаш режими (айланмадан олинадиган солиқ, қатъий белгиланган солиқ ва бошқалар)дан қатъи назар, амалга оширилади.

ҚҚС солиқ базаси қандай аниқланади?

Мазкур ҳолатда солиқ базаси шартномада белгиланган ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда харид қилинадиган (олинадиган) давлат мол-мулки қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Солиқ суммаси қандай ҳисобланади?

Шартнома бўйича нарх *15 фоиз. Масалан, давлат мулки харидор томонидан аукционда 500 млн сўмга сотиб олинди. Бунда, ҚҚС суммаси 75 млн. сўм (500 млн. сўм х 15 фоиз)га тенг бўлиб, харидор сотувчига 500 млн. сўм, бюджетга – 75 млн. сўм ўтказиб бериши лозим.

ҚҚСни қачон ҳисобга олиш мумкин?

Давлат мулкини сотиб олувчи, ҚҚС суммасини ҚҚС ҳисоботи тақдим этилган ва тўлагандан сўнг ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мол-мулкни ҚҚС тўловчиси бўлмаган харидор сотиб олса, ҚҚС қандай ҳисобланади?

Aгар ушбу мол-мулк ҚҚС тўловчиси бўлмаган харидор томонидан сотиб олинган бўлса, ҚҚС суммаси сотиб олинган мол-мулкнинг бошланғич қийматига киритилади.

ҚҚС тўлаш муддати қандай белгиланган?

ҚҚС ҳисоботини тақдим этиш ва тўлаш муддати, давлат мулки сотиб олинган ойдан кейинги ойнинг 20 санасига қадар белгиланган.

Aввалроқ, 20 апрел – фойда солиғи ва ҚҚС ҳисоботини, шунингдек, ер қаъридан олинадиган, норезидентлар даромадлари солиғи ҳамда ҚҚС ҳисоботини топширишнинг охирги куни эканлиги маълум қилинган эди.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси AКТ департаменти директори Ҳаётжон Насруллаев ҳисобот топшириш даврида солиқ платформаларида техник носозлик юзага келган тақдирда солиқ тўловчилар нима қилиши тўғрисида Kun.uz саволларига жавоб берганди.

Top