Ўзбекистон | 10:17 / 17.04.2021
2719
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сўнгги бир кунда 30 мингдан ошиқ киши эмланди

16 апрель куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида коронавирус инфекциясига қарши яна 34 318 киши эмланди ва шу вақтгача вакцина олганлар сони 370 мингга яқинлашди.

«16 апрель куни мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб жами 34 318 нафар киши COVID-19'га қарши эмланди. 

Шу тариқа айни кунгача мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 369 928 нафарга етди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

16 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни:

  • Қашқадарё вилояти (4450 нафар),
  • Самарқанд вилояти (4221 нафар),
  • Бухоро вилояти (3100 нафар) банд қилди.

Таъкидланишича, ҳозирга қадар жами эмланганлар сони бўйича рекорд кўрсаткич эса Фарғона вилоятида (53 984 нафар) қайд этилган. Андижон вилоятида COVID-19'га қарши эмланганлар 41 минг кишидан ошган бўлса, Наманганда уларнинг сони 39 мингга яқинлашган.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан вилоятлар марказлари ва катта шаҳарларда бошланди. Май ойида эмлаш тадбирлари туман марказлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилади.

Вакцина 65 ёшдан ошган фуқароларга ва COVID-19'ни юқтириш хавфи бўлган тиббиёт ходимларига бепул берилмоқда. Июнь ойида эса бошқа аҳоли қатламини ҳам эмлашни бошлаш режалаштирилган.

Айни пайтда ўзбекистонликлар AstraZeneca ва Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси билан эмланмоқда. 

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид