Ўзбекистон | 08:57 / 20.04.2021
9998
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда маст ота фарзандини кўрсатишни хоҳламаган собиқ қайнонасини ўлдирди

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида спиртли ичимлик таъсирида маст бўлган ота фарзандини кўрсатишни хоҳламаган собиқ қайнонасини ўлдирган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 19 апрель куни Паст Дарғом туманида яшовчи А.Б. маст ҳолатда собиқ турмуш ўртоғи Ш.Р.нинг Самарқанд тумани, «Қайнама» маҳалла фуқаролар йиғинидаги уйига фарзандини кўришга борганда, қайнонаси А.Г. унинг фарзанди билан учрашишига қаршилик қилган.

Шундан сўнг улар ўртасида ўзаро жанжал юзага келган. Жанжал давомида А.Б. ўзи билан олиб келган ўроқ билан марҳуманинг кўкрак ва бел соҳаларига қасддан уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳати етказган. Оқибатда А.Г. ҳодиса жойида вафот этган.

Қайд этилишича, воқеа жойига вилоят прокурори Р.Машарипов, унинг биринчи ўринбосари Х.Қобулов, Самарқанд туман прокурори Ж.Санаев, туман ИИБ бошлиғи А.Тошев ҳамда бошқа тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб боришган.

Самарқанд туман прокурори томонидан фуқаро А.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у ҳимоя ҳуқуқи таъминланган ҳолда Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Таъкидланишича, ҳозирда жиноят иши бўйича Самарқанд туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди.

Мавзуга оид