Жаҳон | 21:36 / 23.04.2021
3462
2 дақиқада ўқилади

Мянмада ҳарбийлар мухолифатнинг 26 етакчисини ҳибсга олишга ордер берди

Мянмада ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар мухолифатнинг 26 етакчиси, аввалроқ ўзларини миллий бирдамлик ҳукуматининг вазирлари деб эълон қилган сиёсатчиларни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда Мянманинг давлат телевидениесига таяниб Кyodo ахборот агентлиги маълум қилди.

Фото: AP

Миллий бирдамлик ҳукумати Мянмада 1 февралда давлат тўнтарувини амалга оширган ҳарбийларга қарши кучларни бирлаштиришни мақсад қилган. Бироқ қуролли кучлар қўмондонлиги ушбу тузилмани ноқонуний деб ҳисобламоқда. Ушбу ҳукуматнинг барча 26 аъзосига сиртдан давлатга хиёнат қилиш айбловлари билдирилган. Мянма қонунларига кўра, ушбу айбловлар бўйича ўлим жазоси ҳам берилиши мумкин.

 Мянмада миллий бирдамлик ҳукумати тузилгани 16 апрелда эълон қилинган. Унга асосан мухолиф партияга «Демократия учун миллий лига»нинг озодликда қолган раҳбарлари кирган.

 Мянманинг ҳарбий раҳбарияти 1 февралда тўнтарув амалга ошириб, мамлакатнинг қонуний раҳбариятини ҳокимиятдан четлатганди. Мянма аҳолиси шундан бери ҳарбийларга қарши норозиликлар уюштирмоқда. Улар иштирокидаги намойишлар куч тузилмалари томонидан кескин тарзда бостирилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг охирги маълумотларига кўра, намойишларни бостириш вақтида 739 киши, жумладан, бир неча ўн бола ҳалок бўлган. 3,3 мингдан кўпроқ намойишчи ҳибсга олинган, улардан 76 нафарига қамоқ жазоси тайинланган. Бундан ташқари, мингдан кўпроқ намойишчини ҳибсга олиш учун ордер берилган.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид