Иқтисодиёт | 15:55 / 27.04.2021
10633
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор 5 йиллик давлат қимматли қоғозлари муомалага чиқарилди

Давлат қимматли қоғозлари 5 йиллик бўлиб, умумий қиймати 100 млрд сўмни ташкил этади.

27 апрел куни Ўзбекистон Валюта биржасида ўтказилган электрон савдоларда илк маротаба 5 йиллик давлат қимматли қоғозлари муомалага чиқарилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, қимматли қоғозларнинг ўртача тортилган даромадлиги 12,65 фоизни ташкил этиб, 5 йиллик муддат учун бенчмарк яратилди.

«Aукцион савдоларида умумий қиймати 100 млрд сўм бўлган давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш учун дилерлар томонидан таклифга нисбатан 1,7 баробар ортиқ ҳажмдаги буюртмалар қабул қилинди.

Ўрта ва узоқ муддатли давлат қимматли қоғозлари эмиссия қилиниши миллий валютадаги паст хатарли инструментларни чиқариш орқали маблағларни жалб қилиш бенчмарки бўлиб хизмат қилади, молиявий инструментларни диверсификациялаш ҳамда молия бозорига янги иштирокчиларни (суғурта компаниялари ва бошқалар) жалб этиш учун замин яратади», дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, Молия вазирлиги томонидан давлат қарзи портфелини диверсификациялаш ва валюта хатарларини пасайтириш мақсадида давлат қимматли қоғозларини чиқариш ҳажми оширилмоқда ва ички молия бозорларини ривожлантириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.

Маълумот учун, Молия вазирлиги томонидан чиқарилган давлат қимматли қоғозлари ҳажми 2018 йилда 597 млрд сўмни, 2019 йилда 1 трлн 550 млрд сўмни, 2020 йилда 5 трлн 24 млн сўмни ва 2021 йил январ-апрел ойларида 1 трлн 173 млрд сўмни ташкил этди.

Шунингдек, давлат қарзи портфелида валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2020 йил ноябр ойида илк бора сўмда 2 трлн сўм миқдорида суверен халқаро облигациялари чиқарилди.

Мавзуга оид