10:45 / 27.04.2021
1270

Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабулда 555 та мурожаат кўриб чиқилди

Фото: KUN.UZ

Қўқон шаҳрида Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил этилган оммавий қабуллар бўлиб ўтди. Фуқаролар мурожаатларининг 163 таси ижобий ҳал этилиб, 131 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 247 та мурожаат ижроси назоратга олинди. 

Қўқон шаҳрининг Ёшлар боғида Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди. Унда Қўқон шаҳри аҳолиси билан биргаликда, Данғара, Учкўприк туманлари фуқаролари ҳам иштирок этди. 

Қабулларга ташриф буюрган мурожаатчиларни Президент Администрацияси масъуллари, олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари қабул қилиб, ҳар бир мурожаатда кўтарилган масалани шу соҳага дахлдор мутасаддилар иштирокида кўриб чиқди. 

«35 йилдан буён ер-жой билан боғлиқ муаммом бор эди. Йиллар давомида ҳокимият билан тортишиб келардим. Республикадан келган мутасаддилар бугун ушбу масалани ижобий ҳал қилиб беришди», — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Данғара туманидан оммавий қабулга келган Исломжон Аҳмедов.

Олинган маълумотларга кўра, шу кунги оммавий қабулларда 555 та мурожаат кўриб чиқилган. Фуқаролар мурожаатларидан 163 таси ижобий ҳал этилиб, 131 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган, 247 та мурожаат ижроси назоратга олинган.

Top