Жаҳон | 18:25 / 04.05.2021
49613
9 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёдаги чегара муаммолари: уларни ҳал қилиш мумкинми?

Бир неча йилдан бери минтақа давлатлари чегарадаги низоли масалаларни ҳал қилишга уринаётган бўлса-да, бу муаммо оғриқли нуқталигича қолмоқда. Буни апрел ойи охирида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазият кескинлашгани яна бир бор исботлади. Марказий Осиёда чегараларни тўлиқ делимитация ва демаркация қилишда асосий муаммолар нимада?

KYRGYZSTAN PRESIDENCY/GETTY IMAGES

СССР қулаганига 30 йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса-да, Марказий Осиё минтақасида чегаравий муаммолар ҳал этилмай келяпти. Сўнгги йилларда давлат чегараларини ҳуқуқий расмийлаштириш ҳамда чегарадаги баҳсли ҳудудлар муаммосини узил-кесил ҳал этиш борасида бир қанча амалий ҳаракатлар ўтказилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида 2017 йил 10-11 ноябр кунлари БМТ шафеълигида бўлиб ўтган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги баҳсли нуқталар бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9 мартида Тожикистонга ташрифи вақтида чегаралардаги муаммоларни ҳал қилиш борасидаги асосий натижалар бўйича келишув имзоланди.

Шунингдек, март ойида Тошкентга Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан музокаралардан сўнг икки давлат раҳбарлари чегара масалалари бўйича 3 ойда бир тўхтамга келинишини айтганди. Шундан сўнг, Қирғизистон томони 26 мартда баҳсли ҳудудлар бўйича 100 фоиз келишувга эришилганини маълум қилди. Аммо Қирғизистоннинг Қорасув туманидаги Савай қишлоқ округи аҳолисининг намойишларидан сўнг Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев намойишчилар билан учрашувда ўзбек томони билан келишув шартларини ўзгартириш тўғрисида ваъда берди.

Бундан ташқари, апрел ойи охирида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазият яна кескинлашди ва икки томондан жами 50га яқин одамлар нобуд бўлди.

Бир неча йилдан бери минтақа давлатлари чегарадаги низоли масалаларни ҳал қилишга уринаётган бўлса-да, бу ҳолат оғриқли нуқталигича қолмоқда.

Сўнгги қирғиз-тожик чегарасидаги кескинликда нимага эътибор қаратиш керак?

Биринчидан, охирги кескинликнинг Душанбеда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтган кунга тўғри келганига қарамай, қуролли тўқнашувга айланиб кетгани ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегаралар масалалари бўйича охирги ойларда ўтказган музокаралари фонида содир бўлаётгани амалдаги қирғиз ҳукуматининг чегаравий муаммоларини ҳал қилишда олиб бораётган сиёсатига нисбатан катта ишончсизлик юзага келтирди.

Иккинчидан, чегарадош қишлоқлар аҳолиси ўртасидаги воқеа сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш атрофида юзага келган. Минтақада сув ресурслари атрофидаги ҳар қандай ҳаракатлар аллақачон низоларнинг асосий манбайига айланиб қолган, чунки бу бевосита аҳоли манфаатлари ва фаровонлигига таъсир қилади. Икки республикада ҳам аҳоли даромадларининг кескин камлиги одамларни ер ва сув ресурсларидан максимал фойдаланишга ундайди. Қишлоқ хўжалиги ишлари бошланган баҳор ва ёз ойларида сув истеъмолининг кескин ошиши қўшнилар ўртасидаги зиддиятни кучайтиради.

Учинчидан, икки давлат ўртасидаги низоларда ҳарбий ҳаракатлар ўсиб бораётгани. Бу бир томондан Хитой ва Россия каби ташқи факторларнинг икки тамонлама муносабатларини тартибга солишда фаоллашувига олиб келса, бошқа томондан минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларига жиддий таъсир ўтказади. Икки давлат ҳам XXI асрнинг 21-йилида ҳарбий ҳаракатлар ёрдамида ҳудудий муаммоларни тўла-тўкис ҳал қила олмаслигини тушуниши ва англаши керак.

Тўртинчидан, чегарадаги ҳал қилинмаган муаммолар нафақат икки алоҳида мамлакатни, балки бутун минтақани заифлаштиради. Қашшоқлик, этник миллатчилик ва автократиялар минтақавий ҳамкорлик учун тўсиқ бўлувчи асосий омиллардир. Шунингдек, бу ташқи кучларнинг ҳар қандай вақтда босим ўтказишига имконият берувчи қуроли ҳам ҳисобланади.

Айни пайтда икки қўшни республика ўртасидаги можаро потенциали долзарблигича қолмоқда. Ҳозирги пайтдаги давлат расмийлари ўртасидаги келишув муаммога тўлалигича барҳам бермайди. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги умумий чегара узунлиги 972 километрни ташкил этади, шунинг 451 километри демаркация қилинмаган ҳолда қолмоқда. Бу 70дан ортиқ баҳсли ҳудудлар деганидир.

Тўлиқ интеграциялашмаган Марказий Осиё давлатлари

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги келишмовчиликларнинг асл сабаби – олдиндан сувдан ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланишдаги муроса йўқлиги бўлиб келган. Мустақилликдан кейинги йилларда маҳаллий трансчегаравий ҳамкорликнинг ривожланмаганлиги минтақада чегаравий муаммоларнинг долзарб тарзда сақланиб қолишига сабаб бўлган асосий омиллардан биридир. Хусусан, Европа Иттифоқида Шенген шартномаси қабул қилиниши минтақадаги давлатларни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан бир-бирига боғлаб, чегаравий муаммоларнинг ижобий томонга ҳаракатланишида муҳим фактор вазифасини ўтаган.

Кўпчилик экспертлар Марказий Осиё мамлакатларининг дезинтеграция жараёнини 2та: иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий омиллар билан ўлчашади.

Иқтисодий дезинтеграция Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун ўтмишда узоқ ўлкалардаги бозорлар устувор аҳамиятга эга бўлгани билан ифодаланади. Нефть ва табиий газнинг йирик экспортчилари – Қозоғистон билан Туркманистон учун Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия бозорлари устувор бўлган. Марказий Осиё бозорлари ёнилғи ресурсларини истеъмол қилиш бўйича Евроосиёнинг етакчи иқтисодиётлари билан рақобат қила олмасди. Россия, Хитой ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг йирик савдо-сотиқ ва инвестиция шериклари бўлиб келди. Табиийки, ташқи савдодаги бундай номутаносиблик Марказий Осиё мамлакатлари кўп томонлама халқаро алоқаларига нисбатан турли стратегиялар қўллашига сабаб бўлди.

Ҳарбий-сиёсий нуқтайи назардан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзоси бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини (КХШТ) Марказий Осиё дезинтеграциясининг рамзи деб аташ мумкин. Гарчи Марказий Осиё мамлакатлари МДҲ ва ШҲТ (фақат Туркманистон аъзо эмас) сингари платформаларда ҳамкорлик қилаётган бўлса-да, яқин вақтгача ҳамкорликнинг соф минтақавий формати мавжуд эмасди. Сўнгги марта Марказий Осиё формати – Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти (МОҲТ) 2002 йилда ташкил этилган ва у 2005 йилда Евросиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕОИҲ) билан бирлашиб кетгунча мавжуд бўлган эди.

Ўзи Марказий Осиё давлатлари интеграцияси устида ўтган асрнинг 90-йилларидан бери бош қотириб келинади ва сўнгги учрашувлар 2018 йил 15 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ва 2019 йил 29 ноябр куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари кўринишида ташкил этилди. Маслаҳат учрашувлари минтақа ичидаги алоқаларни тиклаш ва мустаҳкамлашга жиддий ҳисса қўшаётган бўлса-да, ташқи бозорлар ҳали-ҳамон Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати учун жиддий аҳамият касб этмоқда. Бу эса тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган вазиятга ўхшаш ҳолатлар такрорланишига олиб келиши мумкин.

Хулоса ўрнида шу таъкидлаш керакки, Марказий Осиёда чегараларни делимитация ва демаркация қилишда асосий муаммолардан бири – минтақанинг барча мамлакатлари томонидан тасдиқланиб, тартиб-таомилларидан ўтган ҳуқуқий асос йўқлигидир. Минтақа давлатлари ўртасида чегара муаммоси юзага келганда ушбу воқеаларни бартараф этишда ташқи омилларнинг мумкин бўлган воситачилиги ҳақида ҳар доим фикрлар янграйди. Марказий Осиёда Москва ёки Пекин холис «судья» эмас, балки асосий геосиёсий ўйинчилар ҳисобланади. Шу мақсадда ташқи кучлар кўпинча минтақа давлатлари манфаатларига тўғри келмайдиган ўзининг геосиёсий мақсадларидан келиб чиқиб, бу ишларни амалга оширади. Шу сабабли, Марказий Осиёда чегараларни делимитация қилиш муаммосига ёндашув бир лаҳзали манфаатлар ва миллатчилик туйғуларига эмас, балки мамлакатларни ва умуман минтақани ривожлантиришнинг аниқ стратегик дастурига асосланган ҳолда амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.

Охирги Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятларни таҳлил қилиш ҳар икки томон хатти-ҳаракатларининг мантиқсизлигини кўрсатади, чунки бу уларнинг иккаласи учун ҳам бир томонлама устунлик олиб келмади. Марказий Осиёда чегара низолари такрорланиб туришига қарамай, умуман олганда, улар доимо маҳаллий тарзда кечган ва узоқ муддатли характерга эга бўлмаган. Бу муаммоларни минтақа давлатларининг манфаатларидан келиб чиқиб, ўзаро биргаликда ҳал қилиниши энг мақбул ечимдир. Марказий Осиёдаги сув ҳавзалари, тақсимлаш пунктлари, яйлов зоналари ва трансчегаравий йўлларнинг барча мамлакатлар ва халқлар манфаати учун ишлашни бошлаши чегаравий низоларни ҳал қилишдаги «сеҳрли ечим» бўлиши мумкин ва бу минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ҳал қилиниши лозим ва лобуд.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид