Ўзбекистон | 11:13 / 05.05.2021
3332
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Иқтисодий қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Жорий йилнинг 3 май куни Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ раислигида Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳукуматлараро комиссиясининг IV йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш кун тартиби билан икки томонлама инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий-техник, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари қамраб олинди.

Энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм, меҳмонхона бизнеси, транспорт ва логистика каби тармоқларда икки томонлама инвестициявий ҳамкорликнинг муҳим ишга солинмаган имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Соғлиқни сақлаш, кимё ва фармацевтика саноати соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Алоҳида тартибда ўзаро савдо масалалари кўтарилди ва уни фаоллаштириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Шу нуқтайи назардан, томонлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо айланмаси ўсиши учун саноат кооперациясининг янги қўшма лойиҳалари катализатор бўла олишини таъкидлаб, бу йўналишда биргаликда ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Йиғилиш давомида Ислом тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистонда Иқтисодий қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши ҳақида сўз борди. Унинг вазифаларига хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш ҳамда иқтисодиёт турли соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш киради.

Шунингдек, тадбир давомида маданий-гуманитар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистонда миллий соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва таркибига тиббий-диагностика, таълим ва тадқиқот объектлари кирувчи тиббий кластерларни яратиш бўйича Саудия Арабистони тиббиёти етакчи компаниялари билан ҳамкорлик қилиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, Ислом цивилизацияси маркази билан Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунлари бўйича энергетика, қишлоқ хўжалиги ва стандартлаштириш соҳасида қатор икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон – Саудия Арабистони ҳамкорлигини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш асосий йўналишларини акс эттирувчи якуний баённома имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш