Жамият | 22:43 / 06.05.2021
8776
2 дақиқада ўқилади

Қумқўрғонга сел келиши натижасида боғча болалари эвакуация қилинди

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Боғаро маҳалласида содир бўлган тошқин натижасида 50 та наъмунавий уйнинг бир қисми, ҳудуддаги "Камалак" болалар уй боғчаси, мактабга олиб борувчи йўлда сел тошқини юз берган.

Боғча боллари ўз вақтида фуқаролар томонидан эвакуация қилинган.

Боғаро маҳалласи фуқаролари билан боғланган Kun.uz мухбирига маълум қилинишича, маҳалла ҳудудидан ўтувчи канал ўзани тўсиб қўйилиши тошқинга сабаб бўлган.

Аввалроқ фуқаролар каналнинг ўзанини очишни сўраб ҳокимликка бир неча бор мурожаат қилишган. Натижада канал қазилган. Аммо орадан кўп вақт ўтмай ўзан яна тўсилган.

Қумқўрғон туман ҳокими ўринбосари Мурод Қултоев ҳам шу ҳудуддаги хонадонда истиқомат қилади. Унинг уйи тегишли ташкилотлар ходимлари томонидан тошқин натижасида оқиб келган лой ва чиқиндилардан тозаланган.

Қумқўрғон туман ҳокими Раҳматилла Ғаффоров тошқин юз берган маҳаллани бориб кўрган.

Маълум бўлишича, ҳудудда канализация ўрнатилмаган. Кўчаларга асфалт ётқизилмаган. Намунавий уй-жойлар қурилишидан олдин ҳудудга сел келиш ҳавфи ҳисобга олинмаган.

Маълумот учун, 2018 йилда ҳам Боғаро, Чашга, Азларсой маҳаллаларига баҳорги ёғингарчилик сабаб катта сел келган ва фуқароларга конпенсация пуллари тўлаб берилган.

Мавзуга оид