10:25 / 06.05.2021
4775

Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўтказилган анжуманда замонавий шифокорларни тарбиялаш масаласи муҳокама қилинди

Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Шифокор шахсининг ривожи ва шаклланишининг педагогик ва психолингвистик хусусиятлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Мазкур конференцияни ўтказишдан асосий мақсад замонавий шифокорларни тарбиялашдир. Хусусан, улар шаклланишининг педагогик ва психолингвистик хусусиятлари, тиббий таълимда интерфаол педагогик технологиялар ва ахборот технологияларидан фойдаланишни муҳокама қилиш, хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари ва илмий-амалий марказлар билан алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Халқаро форумда Россия, Индонезия ва Ўзбекистоннинг бир қатор олий ўқув юртлари ва илмий-амалий марказларининг 180дан ортиқ вакили иштирок этди.

Анжуманнинг очилиш маросимида СамДТИ ректори, профессор Жасур Ризаев, Индонезиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Sunaryo Kartadinata, Ижевск давлат тиббиёт академияси ректори Алексей Шкляев, Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Худайназар Юнусов, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳом Тўхтасинов сўзга чиқди.

Ялпи мажлисда маърузалар эшитилгач, тадбирнинг асосий иши «Гуманистик ва социал педагогика», «Лингво-психологик педагогика, педагогик психология», «Дифференциал психология, психофизиология» шуъбаларида давом этди. Соҳанинг долзарб масалаларига бағишланган 40дан ортиқ маъруза эшитилди.

Бу каби конференциялар республикамиз тиббий олийгоҳларида замонавий педагогик ва интерфаол технологияларни қўллаш, клиник ва фундаментал тиббий фанлар дарс машғулотлари сифатини янада оширишга хизмат қилади. Шунингдек, миллий педагогика мактабини замонавий илмий ютуқлар билан бойитиш, малакали тиббиёт кадрларини тарбиялаш ҳамда хориж университетлари, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати

Top