Жамият | 00:15 / 08.05.2021
16304
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда магистрал сув қувури ёрилиб, шаҳарнинг аксар қисми сувсиз қолди

Ёрилган сув қувури ўтган асрнинг 70-йилларида ўрнатилган бўлиб, унинг яроқлилик муддати ҳам ўтиб кетган. Авария оқибатида Самарқанд шаҳрининг катта қисми ичимлик сувисиз қолган.

Самарқанд шаҳрида содир бўлган авария сабаб аксарият уйлар ичимлик сувисиз қолди. 6 май кеч соат 20:40 ларда магистрал сув қувурининг ёрилишидан келиб чиққан сув сизиши сабаб Тошкент-Термиз М 39 трассасининг бир қисми ўпирилиб тушади. Мутахассислар зудлик билан сувни ўчиришга мажбур бўлишади ва Чўпонота сув тақсимлаш станциясидан Самарқанд шаҳрига бораётган ичимлик суви оқими тўхтаб қолади. Шу боис ҳозирда бир кундан ортиқроқ вақт давомида Самарқанд шаҳридаги аксар хонадонлар, бинолар ва овқатланиш шохобчалари сувсиз қолган.

Чўпонота сув тақсимлаш станциясидан Самарқанд шаҳрининг Темирйўл ҳудудидан бошқа барча ерларига сув боради. Шу боис авария шаҳар аҳолисининг катта қисмига қийинчилик туғдирмоқда. Ҳолатни ўрганиш мақсадида воқеа жойига бориб, 30 чоғлиқ одамлар ишлаётганини кўрдик. Аварияни бартараф этишга бевосита масъул бўлган «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ бош муҳандиси Иброҳим Шерматовнинг айтишича, авария содир бўлишига сабаб бўлган магистрал қувур ўтган асрнинг 70-йилларида ўрнатилган. Унинг яроқлилик муддати ҳам ўтиб кетган ва декабргача қувурлар янгиланиши кутилмоқда.

Сув сизиши сабаб Тошкент-Термиз М 39 трассасининг каттагина қисми ўпирилган. Йўлнинг яроқсиз ҳолатга келган қисми автомобиллар ҳаракати учун ёпилган ва Тошкентдан келаётган машиналар бироз наридаги бурилишдан ҳаракатни Термиз йўналишида давом эттирмоқда. Йўлнинг сув сизиши ўпирган қисми таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Мутахассислар содир бўлган фавқулодда ҳолатни катта авария деб баҳоламоқда. Унинг қачон бартараф этилиши аниқ эмас. Ишчиларга кўра, ҳали қувурнинг қаери ёрилгани ҳам аниқланмаган.

Ишчилар жуда ноқулай ҳолатда ишлаётганини ҳам таъкидлаш керак. Авария содир бўлган жойга электр олиб бориш имконсиз шекилли улар движок билан ишлашга мажбур бўлишмоқда. Усталарнинг гапига қараганда, насос ҳам носозга ўхшайди. Хуллас, бу авария тезда бартараф этилмаса бўлмайди. Шаҳардаги кўп қаватли уйларда ичимлик сувисиз яшаб бўлмаслигини биласиз, айниқса ҳожатхоналарга сув келмаса, одамлар қийналиб қолади. Кўпчилик қишлоқдаги уйига ёки ота-онасининг уйига вақтинча кўчиб кетганини эшитдик. Кафеларда бочкада сув сақлашга мажбур бўлишяпти. Умид қиламиз, воқеанинг аҳамиятини тўғри тушунган мутасаддилар катта куч ташлаган ҳолда Самарқанд шаҳрининг катта қисмини сувсиз қолдирган аварияни тезда бартараф этади.

Ўткир Жалолхонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид