10:50 / 10.05.2021
4808

Самарқанд давлат тиббиёт институтида соҳага инновацион технологияларни жорий қилиш мавзусида халқаро анжуман ўтказилди

Самарқанд давлат тиббиёт институтида “Тиббиёт таълим жараёнини фундаментал фанлар ва клиник тиббиётда инновацион технологияларнинг роли” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Тиббиёт тизими учун малакали ва профессионал жиҳатдан етук кадрларни тайёрлашда, аввало, инновацион ютуқлардан фойдаланиш, тиббий таълим жараёнига инновацион технологияларни киритиш ва таълим даргоҳларида улардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Халқаро илмий-амалий форумда Россия, Италия, Озарбойжон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бир қатор тиббиёт олий ўқув юртлари ва илмий-амалий марказларининг 300 га яқин вакиллари иштирок этди.

Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида СамДТИ ректори, профессор Жасур Ризаев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси иммунология ва инсон геномикаси институти директори, академик Тамара Арипова, Ижевск давлат тиббиёт академияси проректори Марина Иванова (Россия), Озарбойжон давлат тиббиёт университети проректори Мушфиг Оружев (Озарбойжон) сўзга чиқиб, конференциянинг аҳамиятига тўхталдилар.

Ялпи мажлисда тиббий фундаментал ва клиник фанлар ўқитиш хусусиятларига бағишланган маърузалардан сўнг конференция иши шуъбаларда давом этди. “Нормал анатомия, гистология, цитология – эмбриология, микробиология, вирусология, иммунология таълим жараёни амалиётида инновацион технологиялар”, “Патологик анатомия, патологик физиология таълим жараёни амалиётида инновацион технологиялар”, “Клиник фанлар таълим жараёни амалиётида инновацион технологиялар” ва бошқа мавзуларда маърузалар эшитилди.

Конференция доирасида Пирогов интерактив анатомик столининг одам анатомияси ва клиник анатомияси фанларини ўқитишдаги роли, микробиология фанини ўрганишда замонавий технологиялардан фойдаланиш, таълимнинг интерфаол методларидан фойдаланиб самарали амалий машғулот ўтказиш каби мавзуларда маҳорат дарслари ташкил этилди. Таниқли хорижлик мутахассис, Италиянинг Милан университети профессори Диего Лопес томонидан ўтказилган “Эстетик имплантлар” мавзусидаги мастер-класс иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўтказилган мазкур халқаро илмий-амалий конференция республикамиз тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини яхшилаш, фундаментал ва клиник фанлар ўқитиш сифатини янада яхшилаш, малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамда республикамиз ва хорижий тиббиёт олийгоҳлари ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати

Top