Жамият | 19:07 / 11.05.2021
10695
2 дақиқада ўқилади

Ўрта Чирчиқдаги мантиқсиз йўл кесишмаси. Муаммо 6 йилдан бери ҳал бўлмаяпти

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Қумовул» ҚФЙ ҳудудида мантиқсиз ва ниҳоятда хавфли йўл кесишмаси бор.

Бу йўл биринчи президент Ислом Каримовнинг 2015 йилги президентлик сайловлари олдидан вилоят фаоллари билан учрашувга ташрифи учун жуда қисқа муддат ичида, шошмашошарлик билан таъмирланган. Ўша вақтда вақтинча ўзгартирилган ҳаракатланиш тартиби шундайлигича қолиб кетган.

Бу кўчадаги ҳаракатланиш тартибининг ноқулайлиги шундаки, Қумовул маҳалласида ўттиздан ошиқ хонадон мавжуд Фурқат кўчаси аҳолиси ўз машиналарида кўчага чиқсалар, ортга қайтганларида ўн қадамлик йўл бўла туриб, уйларига қарийб 2 километрлик масофадан айланиб келадилар.

Ҳаракат тартибининг хавфлилиги шундаки, мантиқсизликка муроса қилгиси келмаган фуқаролар аксарият ҳолларда 2 километрлик айланишни эмас, ўн қадамлик хавфни танлаб қўя қоладилар. Ва фақат битта автомашина сиғадиган ўша ўн қадамлик йўлга қарама-қарши йўл соладилар.

Бунинг янада хавфлилиги шундаки, ўз йўналишида тўғри ҳаракатланиб келаётган автомашина йўлнинг ярим айлана шаклда экани сабаб қоидани бузиб йўналишга қарама-қарши кириб келган машинани пайқамай қолиши мумкин.

Аксарият ҳолларда бу каби уринишлар оқибатлари аянчли бўлган авариялар билан якун топади. Фуқароларнинг айтишига қараганда, ҳар ойда деярли 2 марта турли хил ЙТҲлар содир бўлиб турар экан.

Йўлни иҳоталаб турган бетон тўсиқлар ва йўл бўлгисига етган шикаст бу гаплар ҳақиқат эканидан далолат бериб турибди.

Тасвирга олиш жараёнида гувоҳи бўлдикки, муаммонинг ечими жуда оддий: йўл ўртасида турган бетон тўсиқ (бордюр)ларнинг атиги 2 донасини олиб ташлаш ва 1 дона йўл бўлгиси ўрнатиш кифоя.

 Аммо мана 6 йилдирки, муаммони танасида хис қилиб яшаётган Фурқат кўчаси фуқароларининг ўнлаб мурожаатларга битилган оҳлари керакли идораларга етиб борганича йўқ.

Аҳоли ҳамон умид билан масъул идораларнинг амалий ҳаракатларини кутиб яшамоқда.

Расмий идоралардан мавжуд вазиятни жиддий назоратга олишларини сўраб қоламиз.

Мавзуга оид