Жамият | 19:37 / 11.05.2021
11647
2 дақиқада ўқилади

Уруш қатнашчиларининг пенсия миқдори оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг моддий таъминотини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолади.

Ҳужжат мамлакатимизда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини шакллантириш, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга фаол қатнашаётган қарияларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган фахрийларнинг моддий таъминотини янада кучайтириш мақсади қабул қилинган.

2021 йил 10 майдан бошлаб 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – 2,5 миллион сўм этиб белгиланган.

Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларга ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши белгиланган.

Маълумот учун, бугунги кунга қадар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг энг кам пенсия миқдори 800 минг сўмни, ўртача ҳисобда эса 1 миллион 700 минг сўмни ташкил этарди. Мазкур фармон асосида жорий этилаётган янги ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими уруш ва меҳнат фахрийларининг пенсиялари ҳажмини 2 баробар ошириш имконини беради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид