19:47 / 12.05.2021
16522

Шавкат Мирзиёев Эрдўған билан Қуддусдаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутладилар. Ушбу муқаддас айёмнинг барча мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор қилдилар.

Президентлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилдилар. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Хусусан, турли даражаларда ўзаро алмашинув ва мулоқотлар фаоллашди. 2021 йил бошидан товар айирбошлаш 40 фоизга ортди, 164 та янги қўшма корхона ташкил этилди, ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Самарқанд шаҳрида Туркия консуллиги ўз ишини бошлади. Таълим, кинематография ва спорт соҳаларида қўшма маданий-гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбарлари Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш муҳим эканини қайд этдилар.

Шу мақсадда июнь ойида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда бизнес-форум ўтказилади.

Бундан ташқари, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилди.

Телефон мулоқоти чоғида етакчилар халқаро сиёсат масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Президентлар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканликларини билдирди. Фаластин–Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал этилиши лозимлиги қайд этилди.

Туркий кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзу
Исроил ва Фаластин можароси
Яқин Шарқ май ойи ўрталарида Фаластин-Исроил можаросининг 2014 йилдан кейинги энг авж палласини бошдан кечирмоқда.
Барчаси
Top