Жаҳон | 20:09
686
5 дақиқада ўқилади

Исроил ҳужуми натижасида Ҳамас бош музокарачисининг ўғли ҳалок бўлди

Исроил сулҳга қарамай Ғазога ҳаво ҳужуми уюштириб, Ҳамас бош музокарачиси Халил ал-Ҳайянинг ўғлини ўлдирди. Гуруҳ раҳбарлари бу вақтда Исроил билан тузилган сулҳни сақлаб қолиш мақсадида Қоҳирада музокаралар ўтказаётганди.

Ҳамас бош музокарачиси Халил ал-Ҳайя / Фото: AP

Ҳамас бош музокарачиси Халил ал-Ҳайянинг ўғли Аззам ал-Ҳайя чоршанба оқшомида Исроил ҳужумига учради. Reuters нашрининг Ҳамас расмийларига таяниб ёзишича, Аззам ал Ҳайя пайшанбага ўтиб, олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Ғазода юзлаб фаластинликлар Ҳайянинг ўғлини дафн этиш маросимига йиғилди ва уни сўнгги йўлга кузатди. Исроил ҳарбийлари ушбу ҳужумларга изоҳ бермади.

Гуруҳнинг Ғазодаги вакили Ҳазим Қосимнинг Reutersʼга айтишича, Ҳамас раҳбари ўғлининг ўлдирилиши – Исроилнинг музокаралар гуруҳига таъсир ўтказиш ва сиёсий ён беришларга эришиш йўлидаги муваффақиятсиз уринишидир.

Аззамни дафн этиш маросими / Фото: Reuters

«Биз айтамизки, раҳбарларни ва уларнинг ўғилларини нишонга олиш бўйича бу такрорланадиган сиёсат – на Фаластин халқидан, на Ҳамас раҳбариятидан, на унинг музокаралар делегациясидан сиёсий позицияни товламачилик билан тортиб олишга эриша олмайди», деди Қосим.

Ҳайянинг ўлдирилган ўғиллари

Аззам – Ҳамас сургундаги раҳбарининг Исроил ҳужумларида ҳалок бўлган тўртинчи ўғли бўлди. Етти фарзанднинг отаси бўлган Ҳайянинг ўзи ҳам Исроил томонидан амалга оширилган бир неча суиқасдлардан омон қолган.

Ўтган йили Доҳада Ҳамас раҳбариятига қаратилган Исроил зарбаси натижасида Ҳайянинг яна бир ўғли ҳалок бўлган, унинг ўзи тирик қолганди. Ҳайянинг яна икки ўғли 2008 ва 2014 йилларда Ғазода суиқасдлар натижасида ўлдирилган.

Доҳада Ҳамас раҳбарияти жойлашган бино Исроил зарбасидан кейин – сентябр, 2025 йил / Фото: Reuters

Ўғлининг ўлими эълон қилинишидан олдин Al-Jazeera'га интервью берган Ҳайя Исроилни – Доналд Трампнинг Ғазо бўйича режасига путур етказишда айблаганди. Унинг фикрича, Исроил Трампнинг «Тинчлик кенгаши» деб аталувчи органи назоратидаги лойиҳа воситачиларига халақит қилмоқда.

«[Исроилнинг] ушбу ҳужумлари ва қонунбузарликлар босқинчи томон – ўт очишни тўхтатиш режимига ёки биринчи босқич шартларига амал қилишни хоҳламаётганидан далолат беради», деди Ҳайя.

Ғазода ҳужумлар яна кескинлашяпти

7 май куни Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмидаги полиция постига уюштирилган Исроил ҳаво ҳужуми натижасида камида уч нафар полиция ходими ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, бошқа одамлар, жумладан, бир полициячи яраланган.

Ушбу ҳолатда Исроил ҳарбийлари секторнинг шимолий қисмидаги Ҳамаснинг қўмондонлик марказига зарба берганини ва унинг ичида бўлган бир неча жангчи ўлдирганини билдирди. IDF’га кўра, улар Исроил кучларига қарши «ҳужумларни тайёрлаш ва амалга ошириш» билан шуғулланган.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Исроил сўнгги ойларда Ғазода Ҳамас назоратидаги полиция кучларига ҳужумлар кучайтирган. Ҳамас полиция кучларидан сектордаги ҳудудларни назорат қилиш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун фойдаланиб келади.

Тинчлик музокараларида силжиш йўқ

Расмийларнинг сўзларига кўра, Исроилнинг бу зўравонликлари – Ҳамас Тинчлик кенгашининг махсус вакили Николай Младенов билан Қоҳирада учрашаётганда содир бўлган. Фаластиндаги бошқа фракция раҳбарлари ҳам қатнашган ушбу учрашувларда Трампнинг Ғазо режасини иккинчи босқичга ўтказиш масаласи муҳокама қилинаётганди.

Ғазо шаҳридаги полиция пости ёнида турган бола / Фото: AFP

Исроил ва Ҳамас 2025 йил октябрь ойида келишган Трампнинг тинчлик режаси: Исроил қўшинларининг Ғазодан чиқиб кетишини ва Ҳамас қуролларини топшириши билан бир вақтда қайта тиклаш ишларини бошлашни кўзда тутади.

Бироқ, Исроил сулҳ битими кучга кирганидан кейин ҳам Ғазога зарбалар бериб, камида 830 фаластинликни ўлдирди, 2 мингдан ортиқ инсон яраланди. Худди шу даврда Исроил ўзи тўрт нафар аскарини ўлдирганини айтмоқда.

Ҳамаснинг қуролсизланиш режаси эса сулҳни мустаҳкамлаш бўйича музокаралардаги энг баҳсли нуқта бўлиб қолмоқда. Гуруҳ мулозимининг Младеновга айтишича, Исроил ўз мажбуриятларини, жумладан ҳужумларни бутунлай тўхтатишни бажармагунича, Ҳамас иккинчи босқични амалга ошириш бўйича жиддий музокараларга киришмайди. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид