Жаҳон | 10:11 / 14.05.2021
28231
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторига кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади

Исроил армияси ЦАХАЛ Ғазо секторига нафақат ҳаводан, балки қуруқликдан ҳужум бошлаганини эълон қилди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳарбий амалиёт мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик тикланмагунча давом этишини айтган.

Фото: TASS

«ЦАХАЛнинг ҳаво ва қуруқликдаги қўшинлари айни вақтда Ғазо секторига ҳужум қилмоқда», деб айтилган Исроил армияси хабарида.

Нетаньяҳу армия ҲАМАСни «катта товон тўлашга мажбур қилишини» айтган. «Охирги сўз айтилмади ва бу амалиёт Исроилда тинчлик ва хавфсизлик тикланиши учун қанча вақт зарур бўлса, шунча давом этади», деб ёзган Исроил бош вазири Twitter’да. 

The Times of Israel нашрининг хабар беришича, амалиётда ҳарбий самолётлар, вертолётлар, танклар ва артиллерия иштирок этмоқда.

Исроил армияси Ғазо сектори чегарасидан 4 км узоқликда бўлган фуқароларга паноҳгоҳларда яширинишни ва уни кейинги кўрсатмалар берилмагунча тарк этмасликни буюрган. Таъкидланишича, бу эҳтиёт чораси бўлиб, Исроил ҳудудига жиддий жавоб зарбаси берилиши кутилмаяпти.Бундан бир кун аввал Исроил қўмондонлиги Ғазо секторида қуруқликда амалиёт ўтказиш режасини ишлаб чиққан. Чегарага қўшимча қўшинлар, жумладан, зирҳли танк бригадалари ва десантчилар бўлинмалари ташланган. Исроил ҳужумга ўтишга тайёрланиб, захирадаги 16 минг ҳарбийни сафарбар қилган.

Исроил Ғазо секторида қуруқликдаги ҳарбий амалиётни охирги марта 2014 йил ёзида ўтказган. Ўшанда 7 июлда бошланган амалиёт 26 августда Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув билан якунланган. БМТ маълумотларига кўра, амалиёт вақтида Фаластин томондан 1462 киши, Исроилдан 6 киши ҳалок бўлган. 1,6 мингга яқин одам яраланган. Ғазо секторида 60 мингга яқин уй ва 5 мингдан кўпроқ корхона ва дўкон йўқ қилинган.

Исроил ва Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» ҳаракатлари ўртасидаги навбатдаги ихтилоф 10 май куни бошланди. ҲАМАС Исроилга ултиматум қўйиб, Қуддусдаги Масжидул Ақсо атрофидаги ҳудудлар ва Шайх Жарроҳ даҳасидан хавфсизлик кучларини олиб чиқишни талаб қилган, йўқса уруш бошлаш билан таҳдид қилган. Бундан аввалроқ ушбу ҳудудларда Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган. Уларнинг бошланишига Исроилнинг Шайх Жарроҳдан фаластинлик оилаларни чиқариб юбориш қарори сабаб бўлган.

ҲАМАС ўз талаби бажарилмагач, Исроилга ракеталар билан зарба беришни бошлаган. Ўтган 3 кун ичида Ғазодан Исроил томон 2 мингтага яқин ракета отилган. Зарбалар давомида Исроилда 7 киши ҳалок бўлган. Бунга жавобан Исроил ҳаво амалиётини бошлаб, ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди»нинг Ғазодаги объектларига зарба бера бошлаган. Фаластин томонининг хабар беришича, ҳужум оқибатида Ғазода 109 киши, жумладан, 29 нафар бола ҳалок бўлган.

Ғазо сектори билан ихтилоф ортида Исроилнинг ўзида ҳам вазият кескин тус олди. Ҳозирда мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида араблар ва яҳудлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид