Ўзбекистон | 08:09 / 19.05.2021
4444
2 дақиқада ўқилади

АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими кенгайтирилади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:

  • Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиали;
  • Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг «Электрон кутубхонаси».

Филиални ташкил этишдан мақсад рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, замонавий талабларга жавоб берадиган ва АКТ соҳасида илғор технологиялар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаган юқори малакали кадрларни тайёрлашдан иборат.

Қуйидагилар филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ва илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш ҳамда илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда ўқув жараёнини таълимнинг кредит-модул тизими асосида ташкил қилиш;
  • илмий-тадқиқот институтлари билан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;
  • филиалга бириктирилган информатика ва АКТни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаблар фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш.

Бундан ташқари, университет ҳузурида фаолият юритувчи, олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган техникумлар ташкил этилади.

Филиал ва техникумлар юридик шахс мақомига эга университетнинг таркибий бўлинмалари ҳисобланади. Филиал ва техникумларда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Филиалга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид