Жаҳон | 08:12 / 19.05.2021
12894
2 дақиқада ўқилади

Гуантанамо турмасидаги энг кекса маҳбус озод қилинадиган бўлди

Фото: ICRC via Miami Herald/Tribune News Service

АҚШ Гуантанамо турмасида сақланаётган энг кекса маҳбус – 73 ёшли покистонлик Сайфуллоҳ Парачани озод қилишини эълон қилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Парачанинг адвокати унинг ҳимояси остидаги “Ал-Қоида” билан алоқаларда гумон қилиниб, панжара ортида ушланганини, бироқ ҳеч қачон унга бирор жиноятни содир этиш айблови қўйилмаганини маълум қилган. Турмада 16 йил ўтказган Парача бошқа икки маҳбус билан бирга маҳбусларни назорат қилиш комиссияси томонидан оқланган. Адвокатнинг таъкидлашича, АҚШнинг ушбу қарори Парача АҚШ учун “бошқа хавф солмаслиги”га асосланган.

Маълумотларга кўра, Парача кўп йиллар давомида Нью-Йоркда яшаган ва тадбиркорлик билан шуғулланган. АҚШ ҳукумати у “Ал-Қоида”нинг 2001 йил 11 сентябрдаги терактни уюштирган икки террорчига молиявий операцияни ўтказишга ёрдам берган “воситачиси” бўлганини таъкидлаган. Парачанинг ўзи ушбу шахслар “Ал-Қоида”га алоқадор эканини билмаганини ва террорчиликка ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.

Гуантанамо турмаси АҚШнинг Кубадаги ҳарбий-денгиз базасида жойлашган бўлиб, унда АҚШ томонидан турли жиноятларда, жумладан, террорчиликда ва душман томонда жанг қилганликда айбланганлар сақланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид