Иқтисодиёт | 22:02 / 20.05.2021
10013
2 дақиқада ўқилади

ИТСВ: 2020 йилда 1 млрд доллардан ортиқ саноат маҳсулотлари импорт қилинган

Маҳаллий саноат маҳсулотлари бўйича ички истеъмол талаби 1,7 миллиард долларни ташкил этиб, бунда ички эҳтиёжнинг 70 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Инвестиция шўъбаси мудири Акмал Очилов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, маҳаллий саноат маҳсулотлари бўйича ички истеъмол талаби 1,7 миллиард долларни ташкил этиб, бунда ички эҳтиёжнинг 70 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда.

Шу билан бирга, импорт таркиби таҳлил қилинганда, 2020 йилда 1 миллиард доллардан ортиқ маҳсулот импорт қилинган, шу жумладан:

  • 306 миллион доллар (30 фоиз) – кенг ассортиментдаги резина маҳсулоти, хусусан, автомобиль гиламчалари ва аксессуарлари, резина прокладка ва шланглар каби ўзлаштириш мураккаб бўлмаган маҳсулотлар;
  • 251 миллион доллар (24,7 фоиз) – гигиена ва парфюмерия воситалари;
  • 189 миллион доллар (18,6 фоиз) – маиший товарлар, шу жумладан, канцелярия моллари, термос, соябон, соат, тароқ каби маҳсулотлар;
  • 109 миллион доллар (10,7 фоиз) – керамика ва шиша маҳсулотлари;
  • 114 миллион доллар (10 фоиз) – мебель ва мусиқа асбоблари;
  • 47 миллион доллар (4 фоиз) – ўйинчоқ ва спорт анжомлари импорт қилинган.

Маълум қилинишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази томонидан импорт ҳажми ва талаб юқори бўлган 43 турдаги маҳсулот гуруҳларини қамраб оладиган намунавий лойиҳалар шакллантирилган.

Шунингдек, жорий йил якунига қадар қиймати 209 миллион доллар бўлган 259та лойиҳани ишга тушириш ва 6500та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Мавзуга оид