Жаҳон | 22:36 / 21.05.2021
8778
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг йирик суғурта компанияси ҳакерларга 40 миллион доллар тўлаб берди 

АҚШнинг йирик суғурта компанияларидан бири CNA Financial ҳакерлик ҳужумидан кейин ўз файлларига киришни тиклаш учун ҳакерларга 40 млн доллар тўлаб берди. Бу ҳақда киберҳужум тафсилотларидан хабардор манбаларга таяниб Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.

Компания компьютер тизими жорий йил март ойида Phoenix CryptoLocker шифрловчи вируси ҳужумига учраган. Ҳакерлар билан ахборотни тиклаш бўйича музокаралар ҳужумдан бир ҳафта ўтиб бошланган. Ҳакерлар дастлаб 60 млн доллар талаб қилишган, бироқ компания суммани 40 млн долларгача туширишга муваффақ бўлган. Агар ушбу маълумот чин бўлса, унда ушбу тўлов ҳакерларга тўланган энг йирик эваз пулларидан бири бўлади. 

CNA Financial вакили ушбу ҳолат юзасидан изоҳ беришдан бош тортган ва компания бундай вазиятда амалдаги қонунлар, ҳукумат берган тавсияларга амал қилишини таъкидлаб ўтган.

АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳакерлик ҳужумига учраган компанияларга ҳакерларга пул тўламасликни тавсия қилади, чунки бу ҳакерларни янада кўпроқ қинғирликлар қилишга ва ахборотни дешифрлаш учун кўпроқ пул талаб қилишга ундайди. Бироқ кўпинча компаниялар ўз тизимлари блокланишидан зиён кўрмаслик учун ҳакерларга пул тўлашга мажбур бўладилар.

Шундай ҳолатлардан бири яқинда юз берди: АҚШдаги энг йирик ёнилғи қувурига эгалик қилувчи Colonial Pipeline компанияси ҳакерларга 5 млн доллар тўлашга мажбур бўлган. 

Ахборот хавфсизлиги соҳасида фаолият юритувчи Palo Alto Networks компанияси маълумотларига кўра, 2020 йилда ҳакерларга тўланган ўртача эваз пули 312,5 минг долларни ташкил қилган. Бу эса 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 171 фоиз кўпроқ бўлган.  

Мавзуга оид