Ўзбекистон | 09:55 / 25.05.2021
39562
2 дақиқада ўқилади

Шоазим Миноваров Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси этиб тайинланди

Ўзбекистон президенти фармони билан давлат раҳбарининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси тайинланди.

Ҳужжатга кўра, Шоазим Миноваров Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлади.

Шоазим Миноваров 1951 йил туғилган. 1997 йил 27 июндан 2006 йил 1 августгача Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, раиси бўлган. 2006 йил 1 августдан 1 декабригача - Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси, 2006 йил 1 декабрдан 2008 йил 28 июнгача - Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари.

У 2008-2012 йилларда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси бўлган, 2013 йилда пенсияга чиқарилган. 2015 йил апрел ойидан 2017 йил июл ойигача Тошкентдаги Француз альянси раиси бўлган. 2017 йил июл ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган Ислом маданияти марказининг директори этиб тайинланган. Франциянинг «Хизматлари учун» (01.2017 й.), Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (28.08.2020).

Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов 2021 йил 7 май куни оламдан ўтди. У 2018 йилда президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаганди, 2019 йилдан буён Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ҳам ректорлик қилиб келаётганди.

 

Мавзуга оид