22:36 / 29.05.2021
15621

«Туппа-тузук ишлаб турган тизимни бузиш кимга керак?» — Масс-медиа фонди реклама қонунчилигидаги ўзгаришларга қарши чиқди

«Реклама тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгаришлар ОАВни молиявий жиҳатдан «ўлдиради», дея баёнот берди Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов. «Депутатлар ўзлари қабул қилаётган қонунларнинг оқибатини ўйласалар яхши бўларди», – деди у.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди «Реклама тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгаришларга қарши баёнот билан чиқди.

Фонд раиси Комил Алламжоновнинг таъкидлашича, парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган қонун лойиҳаси матбуотга жиддий молиявий зарар келтириши мумкин.

«Энг қизиғи, биздан ҳам бу борада таклиф сўрашган эди. Лекин тушунишимизча, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси бизнинг таклифларни киритмаган ёки яна бошқа сабаб бор. Ҳозирча бизга бу қоронғи», – дея ёзди Алламжонов Telegram'даги каналида.

Унинг сўзларига кўра, бош вазир бошчилигида ўтказилган йиғилишда бу масала муҳокама қилиниб, матбуот соҳасидаги қонун лойиҳаси, матбуотчилар билан келишилган ҳолда, уларни «ўлдириш» эмас, балки молиявий ривожланишига омил бўладиган кўринишда киритилиши кераклиги таъкидланган.

«Бундан ташқари, депутатларимиз нима ҳужжат кирса ҳам тугмани босиб ўтирмасдан, уни қабул қилишдан олдин сал масъулиятни ҳис қилиб, ўша қонунлар оқибатини ҳам ўйласалар яхши бўларди. Туппа-тузук ишлаб турган тизимни бузишнинг кимга кераги бор?

Ушбу ҳужжат 98,4 фоиз овоз билан биринчи ўқишда қабул қилинибди. Бу дегани деярли ҳеч ким қарши бўлмаган бу чекловларга. Мақсадингиз тушунарсиз», – дея депутатларга мурожаат қилган Масс-медиа фонди раиси.

Алламжонов «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимча ҳақида ҳам тўхталган. Унга асосан, ижтимоий тармоқлар ва тўлов тизимлари Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни жисман Ўзбекистонда жойлашган серверларда сақлашга мажбур. Акс ҳолда, улар жаримага тортилиши ва ишлай олмаслиги керак.

«Ваҳоланки, Facebook, Google ва бошка ижтимоий тармоқ ва платформалар нафақат жарима, балки вазирликлар сўровига жавоб ҳам бермаяпти. Шартимизга гигантлар кўнмаса, эртага нима бўлади? Яна ўчириб қўямизми? Балки Шимолий Кореяга ҳавас қилаётгандирсиз? Албатта, бу бошқа масала.

Ҳурматли депутатлар, агар маҳаллий матбуот ўлса, эртага, ҳатто, ўз сайлов кампаниянгизни ҳам чет эл матбуоти орқали ялиниб, ёлвориб амалга оширишингизга тўғри келиб қолиши мумкин. Ундан ташқари, ўзи шундоқ ҳам осон бўлмаган кунларни бошидан ўтказаётган давлат бюджетига ҳам сезиларли зарар келтиради бу ҳужжат», – дея ёзади Комил Алламжонов.

Алламжонов Масс-медиа фонди «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасига мутлақо қарши эканини билдирган.

«Хусусий телеканаллар бюджет пулига эмас, фақатгина реклама орқали кун кўради ва ривожланади. Агар рекламага ўйлаб-ўйламай тўсиқлар қўйилса, яна ҳамма кабель телеканаллари, Россия ва хориж каналларини кўришга ўтади, улар ғояси билан боқилади. Ёки шуми мақсад?

Масс-медиа фонди ушбу қонун лойиҳасига мутлақо қарши. Биз барча матбуотчилар номидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатдан журналистларни қўллаб-қувватлаш, унинг ривожига ғов бўладиган, уни молиявий жиҳатдан «ўлдирадиган» қонунлар қабул қилиш ва маъқуллашнинг олдини олишни сўраб қоламиз», – дея ўз баёнотини якунлаган Комил Алламжонов.

Аввалроқ Kun.uz «Реклама тўғрисида»ги қонунга киритилаётган бир нечта ўзгаришлар мантиқсизлиги ва ОАВ ривожига тўсиқ бўлиши ҳақида ёзган эди.

Top