Жаҳон | 21:05 / 04.06.2021
13425
2 дақиқада ўқилади

Беларусь самолётларига Европа иттифоқи устидан учиш тақиқланди 

Европа кенгаши Беларусь самолётларига Европа иттифоқи давлатлари устидан учишга ва уларнинг аэропортларидан фойдаланишга тақиқлов киритишини эълон қилди. Ушбу қарор Ryanair самолётининг Минскда фавқулодда қўндирилиши билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган.

Фото: Артем Коротаев/ТАСС

Ҳужжатда таъкидланишича, Европа иттифоқига аъзо давлатлар Беларусь самолётларига ўз ҳудудларига қўниш ва улардан учишга, ўз ҳаво ҳудудларидан фойдаланишга рухсат берилишини рад этишлари керак бўлади. Еврокенгаш баёнотида тақиқлов қачондан кучга кириши кўрсатилмаган.

Аввалроқ Bloomberg ахборот агентлиги манбаларга таяниб, ушбу чекловлар 5 июнга ўтар кечасиёқ кучга кириши мумкинлигини маълум қилган.

Бундан ташқари, Европа иттифоқи кейинги ҳафтада Беларусга қарши кейинги чекловларни муҳокама қилмоқчи. Санкциялар остига беларуслик вазирлар, Беларусь ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги вакиллари тушиши мумкин.

 23 май куни Минскда Ryanair авиакомпаниясининг Афинадан Вильнюсга рейс бажарган самолёти беларуслик диспетчерларнинг у “миналаштирилгани” ҳақидаги огоҳлантиришидан кейин мажбурий қўнишни амалга оширганди. Кейинроқ бу маълумот тасдиқланмаган.

Самолётда Беларусда экстремистик деб топилган NEXTA Telegram-канали асосчиси Роман Протасевич бўлган. Самолёт қўндирилгач, у ҳибсга олинган.

Европа иттифоқида самолётнинг мажбурий қўндирилиши ва Протасевичнинг ҳибсга олиниши қораланган.

Мавзуга оид