Жамият | 17:22 / 07.06.2021
49238
7 дақиқада ўқилади

Сув танқислиги ва Орол муаммоси. Марказий Осиё халқларини кутаётган «катастрофа» ҳақида

Иқлим ўзгариши натижасида Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари стратегик аҳамият касб этиб бораверади. Агар муаммога етарли даражада эътибор қаратилмаса, минтақанинг ҳар бир ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли айни пайтда Оролбўйи ҳудудларида рўй бераётган ҳолатни ўз таналарида ҳис қилиб кўришлари мумкин.

Марказий Осиё сув хавфсизлиги энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит билан узвий боғлиқ бўлган дунёдаги кам сонли минтақалардан биридир. Бу ерда сув ресурслари стратегик аҳамият касб этади.

Тарихий жиҳатдан, қуруқ ва қаттиқ иқлими туфайли ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ҳар қандай цивилизация сақланиб қолиши ва тараққий этишининг асосий элементи сув ресурсларидан фойдаланиш ҳисобланади. Минтақадаги дастлабки йирик шаҳарлар: Самарқанд ва Бухоро Зарафшон дарёси бўйида, Урганч ва Хива Амударё бўйида барпо этилгани ҳам бежиз эмас. Ушбу ҳудудлардаги давлатлар сув туфайли минтақада устун мавқега эга эди, тарихан ҳам сув минтақада гегемонликни таъминлашда энг муҳим восита эди.

Сув манбаларидан нотўғри фойдаланиш натижасида минтақада турли жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда ва аянчли ҳолатга тушган Орол денгизи бунга ёрқин мисол.

Илгари дунёдаги тўртинчи йирик кўл бўлган Орол денгизи Марказий Осиё чўллари орасида жойлашган. Сўнгги 10 минг йиллик давомида Орол табиий ва антропоген омиллар туфайли бир неча бор тўлдирилган ва қуритилган. 1960-йиллар бошларида бутун минтақада қишлоқ хўжалигини механизациялаш ишлари олиб борилади, бу эса интенсив суғориш тизимларига олиб келди. Суғорма деҳқончилик сувга жуда талабчан пахтанинг эҳтиёжларини қоплаш учун устувор аҳамият касб этади. Натижада суғоришнинг барқарор бўлмаган кенгайиши Орол денгизига қуйиладиган икки дарё сувини қуритиб юборди ва шу билан денгизга сув оқими узилди.

Ўтган аср давомида бир қанча омиллар Орол денгизида сув сатҳи камайишига таъсир ўтказган. Хусусан:

  • 1913 йилда Орол денгизига борадиган сув билан суғориладиган ерлар майдони 3,2 млн гектар бўлган бўлса, 1985 йилга келиб бу кўрсаткич 6,9 млн гектарга етган;
  • турли эҳтиёжлар учун Орол денгизидан сарфланадиган сув 1960-йилларда 63 км куб, 1980 йилда эса 95 км кубни ташкил этган;
  • ХХ аср давомида Оролбўйи ҳудудларида, Марказий Осиё ва қисман Афғонистон аҳолиси сони 14 млн.дан 65 млн.гача ортган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ернинг шўрини ювишга ҳам катта миқдорда сув сарфланган.

Айни пайтдаги вазият

Дунёдаги тўртинчи йирик кўлнинг қуриши натижасида 5 миллион гектар майдонда янги чўл – Оролқум пайдо бўлди. Денгизнинг қуриган қатламидан келиб чиққан чанг ва тузли бўронлар суғориладиган ерларга ҳам, аҳоли соғлиғига ҳам таъсир қилмоқда.

Ушбу кескин ўзгаришлар бир қанча жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда:

  • Биринчидан, Оролбўйи ҳудудларида яшовчи аҳолининг турмуш шароити пасайиши билан бир қаторда, уларнинг соғлиғида турли муаммолар пайдо бўла бошлади;
  • Иккинчидан, маҳаллий иқтисодиёт таназзулга учради (балиқ ови, қисқа муддатли туризм каби соҳалар) ва яшаш имкониятлари қийинлашди;
  • Учинчидан, ичимлик суви танқислиги, хавфли касалликлар тарқалиши, яшаш шароитлари оғирлашиши натижасида аҳоли миграцияси кўпайди;
  • Тўртинчидан, ёввойи ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси қирилиб кетмоқда ва маҳаллий аҳоли учун ўз маданий меросни йўқотиш хавфи ортмоқда.

Ҳозирги пайтда Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 90 фоизи суғорма деҳқончилик учун ишлатилмоқда. Сув қишлоқ хўжалигининг асоси ҳисобланади ва бу тармоқ Марказий Осиёдаги бешта мамлакат иқтисодиётида ҳам муҳим роль ўйнайди, чунки қишлоқ хўжалиги соҳаси бу мамлакатлар ЯИМнинг 10 фоизидан 45 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Шунингдек, қишлоқ жойлардаги аҳолининг 20 фоиздан кўп қисми шу тармоқ орқали иш билан таъминланган ва тирикчилик қилади. Қисқа қилиб айтганда, шундоқ ҳам қишлоқ хўжалигида танқис ҳисобланган сув ресурсларини Орол денгизи сатҳини тиклашга йўналтириш, айни вазиятда имконсиз ишдек туюлади.

Сув танқислиги – Марказий Осиё давлатлари олдида турган глобал муаммо

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача бўлган даврда сувга бўлган глобал талаб 55 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу жуда катта кўрсаткич ҳисобланади. Шу билан бир қаторда, Марказий Осиёда сув манбаларининг камайиб бориш тенденцияси рўй бериш эҳтимоли мавжуд.

Хусусан, музликлар минтақадаги сув ресурсларининг асосий манбайи ҳисобланади ва уларнинг энг катта қисми Тожикистон ҳудудига тўғри келади. Бу ердаги музликлар Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Қўшни давлат президенти Имомали Раҳмоннинг таъкидлашича, бугунги кунга келиб Тожикистонда минглаб кичик ва ўрта музликлар бутунлай эриб кетган.

Бир неча йилдан бери муттасил равишда Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва ҳарорат кўтарилиши рўй бермоқда. Мутахассисларнинг таькидлашича, сўнгги 50-60 йилда минтақада музликлар майдонлари тахминан 30 фоизга қисқарган. Тахминларга кўра, ўртача йиллик ҳарорат 2 даражага кўтарилган тақдирда музликлар ўз ҳажмининг 50 фоизини йўқотиши мумкин, ҳарорат 4 даражага кўтарилган тақдирда эса – бу ҳажм 78 фоизгача етади (Маълумот учун, айни пайтда ҳаво ҳарорати биргина Ўзбекистонда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8-10 даража иссиқ ҳисобланади). Натижада мавжуд сув ресурслари ҳажми кескин қисқаради. Минтақада иқлим исиши оқибатида музнинг эриши тўпланишига қараганда кўпроқни ташкил қилмоқда ва музликлар ўз массасини йилдан йилга йўқотмоқда. Бу эса келажакда ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий вазият беқарорлигини келтириб чиқариши мумкин.

Хулоса ўрнида

Об-ҳаво ўзгариши билан Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳим аҳамият касб этиб бораверади. Аммо шундай шароитда ҳам минтақада сув манбаларидан фойдаланишда жиддий хатоларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, биргина Ўзбекистонни олсак ҳам, ичимлик суви жуда самарасиз сарф қилинади, айниқса, мамлакатдаги сув ресурсларининг 90 фоизини истеъмол қилувчи қишлоқ хўжалигида. Сув истеъмолчиларга етказиш вақтида (ўта эскирган ва чириган инфратузилма сабабли суғориш тизимларидаги йўқотишлар 35-40 фоизни ташкил қилади) ва истеъмол жараёнида ҳам (суғориладиган ерларнинг фақат 3-5 фоизида сув тежовчи технологиялар татбиқ этилган) бу жараённи яққол кузатиш мумкин.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, сув манбалари Марказий Осиё цивилизациясининг пайдо бўлишидан тортиб, ҳозирги пайтгача бўлган тараққиётида ҳар томонлама муҳим аҳамият касб этиб келган. Агар муаммога етарли даражада эътибор қаратилмаса, минтақанинг ҳар бир ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли айни пайтда Оролбўйи ҳудудларида рўй бераётган ҳолатни ўз таналарида ҳис қилиб кўришлари мумкин.

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид