Ўзбекистон | 09:19 / 08.06.2021
4107
3 дақиқада ўқилади

Май ойи учун истеъмол секторидаги инфляция даражаси эълон қилинди

2021 йилнинг май ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,5 фоизга қимматлашди. Бу ҳақда Статқўм хабар берди.

Фото: Fotolia

Жорий йил бошидан улар нархларининг ўсиш даражаси 4,6 фоизни, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 0,9 фоизни ташкил этди. Йиллик нисбатда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) ўсиш даражаси 10,9 фоизга етди.

2021 йилнинг май ойида йиллик умумий ИНИ тузилмасида озиқ-овқат маҳсулотлари етакчиликни ушлашда давом этиб, улар нархлари ошиши ушбу кўрсаткични 6,0 ф.д. оширди (товарлар ва хизматлар умумий таъсирининг 55,7 фоизи атрофида).

Жорий йилнинг май ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ИНИ ўсиш даражаси ой давомида 0,5 фоизни ташкил этди. 2019 йилнинг май ойида ҳам нархлар ошиши худди шу даражада бўлган бўлса, 2020 йилнинг мос даврида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,2 фоизга пасайиши қайд этилган.

Жорий йилнинг май ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлар ИНИ ўсиш даражаси ой давомида 0,4 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг май ойида ушбу кўрсаткич жорий йилнинг майидаги кўрсаткичдан 0,2 фоиз бандга, 2019 йилнинг майида эса 0,3 фоиз бандга баланд бўлган.

2021 йилнинг май ойида хизматлар ой давомида 0,7 фоизга қимматлашди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг май ойидаги кўрсаткичдан 0,1 фоиз бандга ва 2019 йил май ойидаги кўрсаткичдан 0,8 фоиз бандга паст бўлди.

2021 йилнинг май ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан (мева-сабзавотлардан ташқари) ой давомида шакар (2,5 фоиз), тирик, музлатилган балиқ (1,5 фоиз), гречка (1,3 фоиз), суякли мол гўшти (1,1 фоиз), қўй гўшти (0,9 фоиз), суяксиз мол гўшти (0,8 фоиз), сут (0,5 фоиз) сезиларли даражада қимматлашди. 

Ой давомида нархларнинг пасайиши пахта ёғи (- 1,5 фоиз), кунгабоқар ёғи (- 0,2 фоиз), сули ёрмаси (- 0,3 фоиз), манний ёрмаси (- 0,1 фоиз) нархларида қайд этилди. Еттита ҳудудда тухум нархларининг пасайиши (- 0,4 фоиздан - 2,5 фоизгача), олтита ҳудудда нархларнинг ошиши (0,6 фоиздан – 1,6 фоизгача) қайд этилди.

2020 йилнинг декабрига нисбатан кунгабоқар ёғи (35,4 фоиз) ва пахта ёғи (32,2 фоиз) ҳамда шакар (13,7 фоиз) нархлар ошиши бўйича етакчи ўринларни эгаллашда давом этмоқда. Йиллик нисбатда инфляцион жараёнлар пахта ва кунгабоқар ёғлари нархларининг ошишида яққол намоён бўлиб, уларнинг нархлари ўртача 1,7 баробарга қимматлашди.

Мавзуга оид