13:46 / 10.06.2021
16200

«Тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда» — Душанбеда музокаралар бошланди

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги «Миллат қасри» («Қасри миллат») расмий қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтмоқда.

Дастлаб меҳмон шарафига икки президент қаршисида фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат мадҳиялари янгради. Президентлар делегация вакиллари билан ҳам танишишди.

Кутиб олиш маросимидан сўнг давлатлар раҳбарларининг яккама-якка учрашувлари бошланди. Унда президентлар давлатлараро ҳамкорликнинг барча жиҳатларини муҳокама қилиб, уни янада ривожлантиришнинг янги босқичларини белгилаб олишди. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу учрашувда Марказий Осиё ҳудудида хавфсизлик, давлатлараро ва ҳудудий структураларнинг мувофиқликда ишлаши масалалари ҳам кўриб чиқилди.

«Қабул қилган барча қарорларимиз амалга ошмоқда. Ўтган даврда икки томонлама муносабатларда кўп нарса ўзгарди. Буни рақамлар ҳам айтиб турибди. 2017 йилда товар айирбошлаш 70 миллион доллар бўлган бўлса, 2020 йилда, мураккаб пандемия йилида ушбу кўрсаткич илк бор 500 миллион долларга етди.

Биз ушбу ташрифга жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди, қиймати қарийб 700 миллион доллар бўлган аниқ лойиҳа ва шартномалар имзоланди. Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида айтсак, биринчи бор Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтди, яқин орада мамлакатларимиз ёшлари Фарғона водийсида учрашади. Бир сўз билан айтганда, тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Тожикистон президенти Шавкат Мирзиёевни самимий қутлаб, бу ташрифнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. 

«Ўзбекистон бизнинг стратегик шеригимиз ва ишончли қўшнимиз. Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланаётганидан мамнунмиз. Савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий хавфсизлик борасида ўзаро мувофиқлашиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Бугун сиз билан муносабатларимизнинг ҳолати ва истиқболларини ҳамда халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишга тайёрман», дея таъкидлади Имомали Раҳмон.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ўзбек халқи ва ўз номидан тожикистонликларни яқинлашиб келаётган мустақиллик байрамининг 30 йиллиги муносабати билан самимий қутлади ҳамда Имомали Раҳмонни ўзига қулай пайтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф қилди.

Ташриф доирасида ҳамкорликдаги 30дан ортиқ лойиҳаларга оид ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Top