Ўзбекистон | 19:06 / 10.06.2021
68425
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Жасур Умировга тайинланган жазо бошқасига алмаштирилди

Олий суд Жасур Умировга тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини озодликни чеклаш жазосига алмаштирди.

Интернетда тарқалган видеодан кадр

Kun.uz манбаси маълумотига кўра, Жасур Умировнинг шикояти асосида у билан боғлиқ жиноят иши 2021 йил 8 июн куни Олий судда кассация тартибида кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февраль кунги ҳукмига ўзгартириш киритилган.

Унга кўра, ҳукмда назарда тутилган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси Олий суд ажрими билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган.

Бунда, Жасур Умировнинг шу вақтгача қамоқда бўлган даври чегириб ташланган.

Бунга қадар эса ушбу иш 2021 йил 12 март куни Самарқанд вилоят судида апелляция тартибида кўриб чиқилиб, ЖИБ Каттақўрғон шаҳар судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Маълумот учун, озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс суд томонидан белгиланган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши, шунингдек ўзининг жазони ўташи билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар бериш учун чақирув бўйича жазоларни ижро этиш инспекциясига келиши лозим бўлади.

Бунда жазо тайинланган шахс муайян вақтда яшаш жойидан кетишга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган маълум жойларга боришга ёхуд тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиш учун жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан берилган рухсатнома олиши лозим бўлади.

Мавзуга оид