Ўзбекистон | 12:01 / 11.06.2021
2557
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ер сотиш билан боғлиқ иккита фирибгарлик ҳолати аниқланди

Навоий шаҳрида яшовчи Ш.Э. ҳамда Навбаҳор туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари М.Ш. ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатига қўл урди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Маълум қилинишича, Навоий шаҳрида яовчи Ш.Э. фуқаро Ж.нинг ишончига кириб, унга 20 000 АҚШ доллари эвазига танишлари орқали Конимех тумани ҳудудидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 1 га ер майдони олиб беришни ваъда қилган. Фирибгар келишилган пулнинг 1 000 АҚШ долларини олаётган вақтида департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.  

Шунингдек, Навбаҳор туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари бўлган М.Ш. фуқаро Б.га хўжаликка тегишли бўлган 6 га ерни 90 миллион сўм эвазига танишлари орқали унинг номига ўтказиб беришни  ваъда қилган. У ҳам 50 миллион сўмни олаётганда ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Олдинроқ Нурота туманида 3,5 га ер майдонини 56 миллион сўмга сотмоқчи бўлган фирибгар ушланганди.

Мавзуга оид