Жамият | 14:40 / 14.06.2021
14707
9 дақиқада ўқилади

«Болалар онкологиясини ботқоқдан чиқариб олиш керак» — онколог билан суҳбат

Болалар ва саратон. Бу икки сўз бир-бирига қанчалик тескари бўлмасин, сўнгги йилларда қулоғимизга тез-тез чалиняпти. Болалар миллий тиббиёт маркази онкогематология бўлими раҳбари Камол Искандаров Kun.uz билан суҳбатда болаларда саратоннинг келиб чиқиш сабаблари, болалар онкологиясидаги муаммолар ҳақида сўз юритди.

Саратон нима ва у қандай сабаблар билан юзага келиши мумкин?

— Саратонни келтириб чиқариши аниқ исботланган сабаблар маълум эмас. 18 ёшгача бўлган болаларда саратон касаллиги айниқса дунёнинг ривожланган мамлакатларида кўп учрайди. Ўзбекистон ёки ривожланмаган давлатлар билан солиштирганда, уларда бир неча 10 баравар кўп учрайди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ривожланган давлатларда автомобиллар кўп, табиий бўлмаган озиқ-овқатлар кўп, радиация кўп. Шунинг ҳисобига иқлим шароити ёмонлашуви болаларда саратонни келтириб чиқараётган бўлиши мумкин.

Рак ҳеч қачон битта фактордан келиб чиқмайди, унинг учун бир нечта факторлар бўлиши керак. Боладаги стресс, онадаги стресслар ҳам юқоридаги сабабларга қўшимча бўлиши мумкин.

Рак – бу инсон танасидаги мутацияга учраган ҳужайра. Яъни ўз фаолиятини ўзгартириб, ваҳшийга айланган ҳужайра бўлиб, бошқа ҳужайраларни сиқиш ҳисобига катталашиб боради.

Бугунги кунда болаларимиз севиб истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг кўпчилиги табиий эмас. ГМО маҳсулотлари нормал ҳужайралар фаолиятини ўзгартириш хусусиятига эга, чунки уларда канцероген моддалар кўп учрайди. Бу маҳсулотлар рак касаллигини келтириб чиқарувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Болалар кўпроқ табиий ва фойдали маҳсулотларни истеъмол қилишлари керак. Лекин болалар, масалан, турли рангли ичимликларни истеъмол қилишни истайди. Уларга буни бутунлай тақиқлаш эса психологик таъсир кўрсатади. Шунинг учун бундай маҳсулотларни имкон қадар кам миқдорда бериш мақсадга мувофиқ.

«Ривожланган давлатларда саратонга чалинган беморларнинг 90 фоизи тузалиб кетади, сабаби касаллик эрта босқичда аниқланади»

— Туғилишдан то 18 ёшгача бўлган беморлар орасида 12 ёшгача бўлган болалар ўртасида саратонга чалиниш кўпроқ учрайди. Бошқа ёшдаям бу касалга чалиниш ҳолати кўп, аммо 12 ёшгача бўлган давр нисбатан хавфли ҳисобланади.

3 ёшгача бемор болаларда саратондан тузалиш эҳтимоли кўпроқ. Агар беморга керакли миқдорда муолажалар қилинса, протокол асосида даволанса, 3 ёшгача бўлган 95 фоиз бемор болалар бу касалликдан тузалади. Чунки 3 ёшгача бўлган болаларда эмбрионал характер сақланиб туради.

Ҳозирги кунда дунё бўйича ривожланган давлатларда 90 фоиз беморлар онкологик касалликлардан соғайиб кетишяпти. Чунки касаллик эрта босқичда аниқланади. Масалан, Корея ва Германия давлатларида касалликнинг 4-босқичда бўлган бемор учрамайди. Энг оғир ҳолатда бемор ҳам 3-босқичда аниқланади.

Ўзбекистонда эса беморда касаллик аниқланган пайтда асосан 3- ва 4- босқичларга ўтиб бўлган бўлади. 2-босқичда касалликнинг аниқланиши жудаям кам кузатилади. Шу сабабли бизда бирламчи бўғиндаги шифокорлар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш керак. Бу соҳада кадрларнинг барчасини қайтадан тайёрлаш керак. Болалар онкологиясини даволаш бўйича ривожланган давлатлар биздан анча илгарилаб кетган.

«Онкологияда рақобат йўқлиги мутахассисларнинг ўз устида ишламаслигига сабаб бўлди»

— Бизда онкология соҳасида рақобатнинг йўқлиги соҳада ривожланишни тўхтатиб қўйганди. Охирги 3-4 йил ичида хусусий тиббиёт муассасаларига онкологик касалликларни ҳам даволашга рухсат берилди. Тиббиётнинг қайси йўналишида хусусий секторга рухсат берилган бўлса, улар дунё стандартини ўзлаштиришга ҳаракат қилишади. Қайси соҳа хусусийлаштирилмасдан давлат қарамоғида қолган бўлса, айниқса онкология соҳаси монополияга айланган эди, бунақа вазиятда кадрлар ҳам ўз устида ишламайди, чунки бемор истаса-истамаса бошқа борадиган жойи йўқ.

Гематология бўйича бундай деёлмаймиз, гематологлар ҳар йили хорижда малака оширишади, ўқиб келишади, онкологияда эса бу чекланиб қолган. Онкологларимиз хориж тажрибасини ўрганиш учун охирги йилларда хорижга чиқишганини билмайман.

«Тизим бутунлай ўзгаради»

— 2021 йилда Корея билан ҳамкорликда очилган Болалар миллий тиббиёт марказида 20 ўриндан иборат ихтисослаштирилган болалар онкология ва гематология бўлими ташкил этилди. Марказ негизида бутун республикада шундай амалиёт режалаштирилган. Яқинда қабул қилинган давлат раҳбарининг қарори билан бу тизим тубдан ўзгаради. Бутун дунёда онкологик-гематологик касаллар қандай даволанса, биздаям шу йўлга қўйилади.

Бизда даволаш усулини ўзгартиришдан қўрқишади. Ҳали бунга тайёр эмасмиз, унга катта пул керак, деган ҳадик бор. Қозоғистон, Лаос, Камбоджа каби давлатлар ҳам биздан ривожланиб кетмаган. Лекин Қозоғистон суяк кўмиги илигини кўчириш жарроҳлик амалиётини йўлга қўйганига 5 йил бўлди. Беларус буни амалга ошираётганига 30 йил бўляпти. Юрсак юраверамиз ривожланишни кутиб, бунақада ривожланган давлатларга етиб олишимиз қийин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартига кўра, болалар онкологиясида ҳар 2 йилда даволаш протоколи ва диагностика янгиланиб туради. Лекин бизда бунга ҳеч ким аҳамият бераётгани йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзини қиладиган иши кўпдир, лекин мутахассислар шу соҳанинг ичида туриб, муаммоларга ечимни талаб қилмаса, вазирликнинг ҳам эътибори кам бўлиши мумкин.

Қанча болалар сарсон бўлишяпти, ота-оналар даво излаб чет элга кетишяпти. Шу даволаш тизимини ўзимизда ҳам ташкил қилиш мумкин экан. Мана ҳозир бизнинг марказда онкологик-гематологик бемор болалар учун 20 та ўрин мавжуд. Охирги 3 ойда жами 69 нафар бемор болалар даволанган бўлса, шундан 15 нафари ремиссияга чиққан, яъни тўлиқ тузалган. Қолган 57 нафари даволаниш босқичларида.

Давлат раҳбари яқинда жуда катта масалага эътибор қаратди: ҳар бир ҳудуддаги кўп тармоқли клиникаларда шундай ихтисослашган онкогематология бўлимлари очилади. Буларнинг моддий-техник базаси, ташкил қилиниш структураси ишлаб чиқилмоқда.

Болалар онко-гематологиясини даволаш учун ўз миллий протоколимизни яратишимиз керак. Бундан ташқари, кадрларни жалб қилиш керак. Бизнинг соҳада кадрлар етишмаслиги – катта муаммо. Чунки оғир соҳа – кўп йил ўқиш талаб қилинади, касалларимиз оғир бўлади. Тиббиёт олийгоҳига кираётганлар кўпроқ нисбатан осонроқ йўналишларни танлашади: стоматология ёки пластик жарроҳликка ўхшаган. Республика бўйича ҳозирда фаолият кўрсатаётган болалар онкологлари жамоаси бор-йўғи тахминан 25 нафар атрофида чиқади. Тиббиётнинг шундай тармоқлари борки, 1000та-500талаб мутахассислари бор, ана шу мутахассисларни қайта тайёрлаш орқали ҳам онкологлар сафини кенгайтиришимиз мумкин.

Болаларни саратондан ҳимоя қилиш учун ота-оналарга тавсиялар

— Болалар саратони охири йўқ нарса эмас. Агар ота-она, шифокорлар биргаликда ишлашса, албатта, тузалиб кетиш мумкин. Ҳеч ким саратондан кафолатлана олмайди: катталар ҳам, болалар ҳам. Лекин бу касалга чалинганда эрта босқичда аниқлаш жуда муҳим. Ота-она эътиборли бўлиши керак. Болани вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиб туриш керак. Бола кўп терлаяптими, иштаҳаси қандай, тана ҳарорати назоратда тутилса, мақсадга мувофиқ. Чунки илк белгилар ана шундай кўринишда намоён бўлади.

Овқатланиш рационига кўпроқ табиий маҳсулотларни киритиш, уларни чиниқтириш орқали саратондан имкон қадар ҳимояланиш мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистонда болаларда саратондан тузалиш 30 фоизни ташкил қилади. Бу маълумотни ўз тажрибамдан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилганман. Буни рад қилиб, 70 фоиз дейишган. Лекин ундай эмас.

Муаммо шунчалик кўплиги учун ҳам президент томонидан шу қарор қабул қилинди. Чунки шу қадар ночор аҳволга келиб қолган эди бу соҳа. Болалар онкологиясини ана шу ботқоқдан чиқариб олиш керак. Бунинг учун соҳа вакиллари қаттиқ меҳнат қилиши, жон куйдириши керак.

Деярли 6 ойдан бери шу соҳани республикадаги ҳолати бўйича мониторинг қилиш, концепцияларни ишлаб чиқиш ва таҳлил қилиш учун ишчи гуруҳ ишлаяпти. Кечалариям ишлашга тўғри келди баъзида, лекин шундай қилиниши керак эди. Бўлмаса яна 15 йил шу тарзда давом этаверардик. Бошида айримларга ёмон кўриндик, балки ҳалиям шунақадир. Биз ёмон кўринаверайлик, лекин болаларимиз яхши бўлсин.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид