Республика онкология ва радиология марказида беморлар сони кун сайин ортиб бораётган бир пайтда, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти онкология шифохоналарининг ёпилиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Узун навбатлар, жой етишмаслиги, ишдан бўшатишлар ва ям-яшил ҳудуднинг келгуси тақдири бўйича жамоатчиликда жиддий саволлар пайдо бўлмоқда.
Республика онкология ва радиология марказида саратонга чалинган юзлаб касаллар узундан узоқ навбатда туришга мажбур. Улар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан шифокор қабулига кириш, диагностика ва муолажалар учун келишган.
2025 йил 10 декабр, соат 10:00 ҳолатига кўра, навбатнинг охири 249-ўринда. Яъни битта бемор шифокорга кириши учун ундан олдин 248 киши қабулдан ўтиши керак. Ҳозирча бу навбатда фақат вилоятлардан келган беморлар туришибди – ҳозирча.
Яқин кунларда эса Республика онкология шифохонасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиаллари ёпилиши режалаштирилган. Бу эса минглаб қўшимча беморлар айнан шу марказ навбатига келиб қўшилишини англатади. Аллақачон жой етишмаётган, беморлар тонгги соат 7 дан навбат олишга мажбур бўлаётган шароитда бу қарор қандай оқибатларга олиб келиши номаълум.
Бундан ташқари, филиалларда ишлаётган барча тиббиёт ходимларига шартномалар бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хатлари тарқатилган. Пойтахт Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг 2 декабрдаги буйруғи билан, шифохоналарни бўшатиш топшириғи берилган.
Энг катта хавотирлардан яна бири – бўшаган шифохона ҳудудлари тақдири.
Жамоатчилик ва экофаоллар бу ҳудудлар ҳам қурилиш учун бериб юборилиши мумкинлигидан хавотирда. Айниқса, Тошкент шаҳар онкология шифохонаси ҳудудида жойлашган 1000 дан ортиқ ноёб дарахтлар масаласи очиқ қолмоқда.
“Ёпиқ қарорлар хавфи бор”
Экофаол Алишер Насимовга кўра, ҳудуд махсус қўриқланадиган ҳудудга айлантирилиши керак.
“Кеча шифохонага бордим: кўм-кўк дарахтзор. Бу ерда 1000 дан зиёд дарахтлар бор. Улар орасида Қизил китобга киритилган дарахтлар ҳам бор, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қимматбаҳо навларга кирадиган дарахтлар ҳам бор. Шифохона ҳудуди – ҳақиқий микроиқлим, бошқа жойларга нисбатан у ерда ҳаво бошқача – арчалар, чинорлар ҳаммаси кислород беради, айримлари ёқимли ҳид чиқаради.






