Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Бу навбатдаги бизнес режа": Шифокорлар ва беморлар Тошкент онкология касалхонаси тугатилаётганидан норози
3 йил аввал пойтахтдаги онкология шифохоналари биносининг сотувга қўйилиши масаласи жуда катта шов-шувга сабаб бўлганди. Бинолар сотувдан олинган ва бу ҳаммамизнинг ёдимиздан чиққанди. Гуё бу ташаббус янчилиб, тупроққа кўмилган каби. Аммо афсуски бундай бўлиб чиқмади, масала яна ўз ҳолига қайтди.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяровнинг буйруғи билан Тошкент шаҳар онкология касалхонаси Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказига қўшиляпти. Шаҳар касалхонаси ходимлари ва у ерда даволанаётган беморлар бундан норози бўлиб видеомурожаат билан чиқишди.
“Ҳурматли президент, бизни ҳимоя қилишингизни сўраймиз. Бизда саратонга чалинган беморлар касаллик аниқланган кундан бошлаб кузатувда бўлишади, йиллаб даволанишади. Рўйхатда турган касаллар керакли текширувларни текинга ўтишади: ЭКГ, УЗИ ва бошқа текширувларни ва шифокор консултацияларини. Янги шифохонада бу хизматлар пулли кўрсатилади.
Ҳозир бизда 500 нафар бемор даволаняпти, йилига 10 мингдан ортиқ беморга хизмат кўрсатамиз. У ерга кўчирилса, марказдаги 60 фоиз ходимлар ишсиз қолади”, дейди шифохона бош ҳамшираси Гулнора Содиқова видеомурожаатда.
Маълумот ўрнида: Тошкент шаҳар онкология шифохонаси қарийб 8 гектар яшил ҳудудда жойлашган бўлиб, айни пайтда пойтахтга тоза ҳаво улашаётган ўпкалардан бири саналади. Мурожаатда шифохона ҳудудини олишдан мақсад – режалаштирилган бизнес бўлиши эҳтимолини айтишган.
“Бу навбатдаги бизнес-режа кимлар учундир. Мен 20 йилдан бери реанимацияда ишлайман. Беморларнинг яқинлари бу ерга кунига 2-3 марталаб қатнайди. Шифохона кўчирилиши уларга ҳам қийинчилик туғдиради”.
Улар диспансер ҳудудидаги яшиллик беморлар учун зарурлигини таъкидлашган.
“Мен 30 йилдан бери ишлайман бу ерда. Янги касалхона 7 қаватли бино, ёзда 70 даража иссиқда ётади беморлар, бизни шифохона ҳудуди дарахтзор, беморлар сайрга чиқади, қайт қилаётган, кўнгли айниётган касал палатада қандай ўтиради? У ерда ҳали битта дарахт йўқ атрофда”.
Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ саратон хасталиги билан курашаётган бемор бор. Онкология хизматларига талаб юқори бўлган, жойлар етишмаётган бир пайтда касалхона ёпилиши беморларни ҳам норози қилмоқда. Беморлардан бири янги шифохонада жойлар пулли эканини айтган.
“Кўкрак саратонига чалиниб операция бўлдим. 10 йилдан бери шу касалхонада рўйхатда тураман, ҳозир ремиссия давридаман. Менга бу ер жуда қулай, ходимлар тажрибали, муолажалар, жой текин. Эшитишимча, янги шифохонада фақат палатанинг ўзи кунига 1 млн 400 минг экан. Ҳаммада ҳам бунга имкон йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан илтимос қиламиз, ҳамманинг ҳам Туркияга бориб даволанишга қурби етмайди. Ёки суткасига 1 млн 400 тўлашга.”
“Менда саратоннинг агрессив формаси, тез-тез даволанишим керак. Пул тўлашга қурбим етмайди. Бу шифохона қулай жойлашган, ходимлар тажрибали, кайфиятга таъсир қилади. Агар халқнинг фойдаси учун қилинаётган бўлса, шу ернинг ўзини яхшилашсин, таъмирлашсин, кенгайтиришсин. Қайсидир стандартларга мос келмаётган бўлса, мослаштиришсин. Беморларга ҳаёт бераётган жойни тортиб олишяпти. Шифохонани қолдиришсин”, деган яна бир бемор.
Хўш, касалхона бўшатилса, бу жойнинг тақдири нима бўлади? Агар касалхона ҳудудининг катта, транспорт учун қулай ва шаҳарнинг қиммат нуқталаридан бири эканини инобатга олсак, бу савол янада ўринли бўлади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uzʼга берган маълумотига кўра, бу ҳали номаълум. “Бино кейинги йил Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади ва унинг келгуси тақдири кейин ҳал қилинади”, дейилади маълумотда.
2022 йил Тошкентдаги 3 та катта онкология бинолари Республика Онкология маркази — 281,7 млрд сўм, Тошкент шаҳар филиали — 160,5 млрд сўм, Тошкент вил. филиали — 92,1 млрд сўмга баҳоланган ва аукцион орқали сотувга қўйилган эди. Жамоатчиликнинг қаттиқ қаршилиги сабаб бу сотув тўхтатилганди. Ҳозирги ҳолат ўша воқеаларнинг ими-жимида амалга оширилишини билдиради. Бундан кейинги манзил онкология диспансерининг вилоят филиали бўлиши эҳтимоли бор.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу масалада ҳали ўз фикрини билдирмади. Касалхонадаги ҳолат билан таниш бўлганларнинг таъкидлашича, шаҳар онкологиясига мурожаат қилаётганларнинг кўпчилиги оғир босқичда, тез ва узоқ даволанишни талаб қиладиган беморлар. Онкология касаллари сони кўпайиб турган пайтда стационар муассасанинг қисқариши таҳликали. 2022 йилдаги аукцион воқеаси ҳали ёдимизда, шунинг учун бинонинг тақдири ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак.
Мавзуга оид
10:08 / 15.11.2025
Япония Ўзбекистонга 5,7 млн долларлик маммография ускуналарини бепул ажратади
10:34 / 13.11.2025
Соғлиқни сақлаш муассасаларида пулли хизматлар тартиби тасдиқланди
17:10 / 08.11.2025
Зироат Мирзиёева онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл рўйхатига киритилди
20:46 / 07.09.2025