Жамият | 11:21 / 15.06.2021
45311
13 дақиқада ўқилади

Энг можароли касб — «ЙПХ ходими». Соҳага ислоҳотлар зарур

Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азизбек Аҳмедов ЙПХ ходимлари билан тортишув асносида вафот этгани жуда кўп саволларни ўртага чиқармоқда.

Қарийб 20 йилдан буён солиқ соҳасида меҳнат қилган 41 ёшли Азизбек Аҳмедовнинг бевақт ўлимига ачинаётганлар кўп.

Марҳум Азизбек Аҳмедов

Ҳа, у светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида чорраҳани кесиб ўтгани, боз устига транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани, ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани таъкидланмоқда. Бироқ у экспертизагача боришга улгурмади. Энди унинг ўлимидан аввал маст ё ҳушёр бўлгани патологоанатом хулосасида ўз аксини топади.

Келинг, уни маст бўлган, дейлик. Ҳа, ароқ ичиб машина рулига ўтиришни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бундай ҳайдовчиларни аниқлаш ва уларни жазога тортиш шарт.

Аммо, Каттақўрғондаги воқеада ЙПХ ходимларининг маст деб тахмин қилинган ҳайдовчига нисбатан куч ишлатгани, якунда ҳайдовчи вафот этгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

ЙПХ ходими — энг можароли касб

Ёдингизда бўлса, МИБ ходимлари уйма-уй юриб газ, электр, сув ва бошқа коммунал тўловларнинг пулини йиғишганда жуда кўп можаролар келиб чиқаётган эди. Янгилик ва интернетдаги шов-шувли видеомурожаатлар асосан МИБ ҳақида эди.

Ўшанда МИБчилар том маънода биринчи рақамли можароли касб соҳибларига айланишганди. МИБ ваколатлари қисқартирилгач, бу «статус» яна ЙПХ ходимларига қайтди. Чунки кучишлатар тизимлар ичида аҳоли вакиллари билан энг кўп юзма-юз алоқа қиладиганлар — Давлат йўл ҳаракати хизмати ходимлари.

Шунинг учун яна интернет ЙПХ ходимлари билан можаролар тасвирларига тўлиб тошяпти. Уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини фош қилувчи бутун бир каналлар, блогерлар фаолият кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳозир ЙПХ ходимларининг халқ ўртасидаги репутацияси анчагина ёмон. Кўплаб можароли ҳолатларда ЙПХ ходимлари ҳақ бўлиб турган тақдирда ҳам, халқ уларни айбдор санамоқда.

Ҳеч эътибор берганмисиз, ЙПХ инспектори бирор ногиронни йўлнинг нариги четига ўтказишда кўмаклашиб юборгани, бузилиб қолган машинани итариб ўт олдиришга ёрдам бергани ёхуд чорраҳалардаги тартибсизликни моҳирона бартараф этгани акс этган фото ёки видеолар ижтимоий тармоқларда илиқ кайфият билан қарши олинади. Чунки одамлар бу касб эгаларидан бундай хайрли ишларни кутмай қўйишган. Афсуски, ЙПХ ходимлари одамлар тасаввурида фақат салбий кўринишда шаклланиб улгурган.

Йўлларда эса даҳшатли авариялар рўй беришда давом этмоқда, одамлар ўлмоқда. ДЙҲХХнинг буларни бартараф этиш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатлари у қадар кўзга ташланмаяпти. Қандайдир янги ташаббус билан ҳам чиқилмаяпти.

Бу Каттақўрғондаги биринчи воқеа эмас

Туман ЙПХ ходимлари ўзларининг бошбошдоқлиги ёки муштумзўрлиги билан биринчи марта муҳокама марказига тушаётгани йўқ.

2018 йил 29 август куни катта йўлнинг қарама-қарши йўналишидан шоша-пиша йўлга чиққан Каттақўрғон шаҳри ҳокими ўринбосари 36 ёшли Нодир Хушвақтовни йўл ЙПХ ходимлари хизмат машинасида қувади. Қочиш асносида Хушвақтов автоҳалокатга учрайди — унинг бошқарувида бўлган «Nexia-3» хизмат автомашинаси ағдарилиб кетади. Ҳоким ўринбосари шу куни касалхонада вафот этади.

2020 йил 7 август куни маҳаллий ЙПХ ходимлари Тошкент – Хоразм йўналишида келаётган «Epica» автомашинасини тўхтатиб, ҳайдовчини белгиланган тезликни оширганликда ва олдинроқда турган ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмаганликда айблашган, тортишув асносида ҳайдовчи ИИБ ходимидан шапалоқ еган. Ёш болали йўловчилар бўлишига қарамай машина жарима майдончасига жойлаштирилган.

Хоразмлик таксичи билан бўлган вазиятда шуниси эътиборлики, ҳайдовчи ЙПХ ходимларидан куч ишлатмасликни талаб қилган. 102га қўнғироқ қилиб, ҳуқуқларини таъминлаш учун ички ишлар ходимларини чақиришни сўраган. Унинг талаби эса бажарилмаган.

Бу биргина Каттақўрғон туманида ЙПХ ходимлари билан сўнгги вақтларда рўй берган шов-шувли воқеалар. Республика бўйлаб бундай ҳодисалар қарийб ҳар ҳафта учраб туради.

Бундай воқеалар нима билан тугади, айбдорларга қандай чора кўрилди, очиғи, билмай қоламиз. Масалан, Қашқадарёда ҳайдовчини онасидан ҳақорат қилган ЙПХ ходимига ҳам шунчаки қаттиқ ҳайфсан интизомий жазоси берилгани каби.

Куч ишлатиш қонунийми ёки ўзбошимчалик?

Каттақўрғонда туман ЙХБ бошлиғи бошчилигида 4 нафар ходим шахсий автомашинада тунги рейдлар олиб бораётгани омма учун бироз тушунарсиз бўлмоқда. Уларнинг бундай йўл тутишидан мақсадлари нима эди? Чунки боди камерадан ёзиб олиниб тарқатилган тасвирлардан ЙПХ ходимлари айнан шу автомобилни кутиб туришгандек тасаввур уйғонмоқда.

Шунингдек, экспертизага боришга монелик қилаётган Азизбек Аҳмедовни бўғишгани тахмин қилинмоқда. Толбулоқлик Зулфиқор Хонназаров ҳам ўзини ЙПХ ходимлари «захват» усулини ишлатиб бўғишгани ҳақида айтди. Бу жараён ҳатто видеотасвирга ҳам туширилган.

11 июнь куни воқеа жойини съёмка қилаётганимизда ҳайдовчилардан бири тўхтаб, «Гаиларимиз чатоқ, ака, агар тортишиб, гап қайтарилса дарҳол бўғишга ўтади», деб кетди. Буни каттақўрғонликлар ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда ҳам ёзишмоқда.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ж.Саъдуллаев ўзаро суҳбатда ЙПХ ходимларига қонуний талабга бўйсунмаган ҳайдовчиларни тинчлантириш учун қўлкураш усулидан фойдаланишга изн берилганини тасдиқлади.

«Мигалка»ли муляжлар ва шахсий машинадаги ЙПХ ходимлари

ЙПХ ходимлари тунги рейдларда давлат томонидан берилган, ёниб-ўчувчи чироқлар билан таъминланган хизмат автомашинасида хизмат олиб боришганида, ўша Кадан чорраҳасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига қатъийроқ амал қилишган бўларди.

Яъни қоида бузишга мойил ҳайдовчилар кўчаларда ДЙҲХХнинг «мигалка»ли хизмат автомашиналарига кўзи тушса ҳушёр тортади, машинани қоидаларга амал қилиб бошқаришади. Чунки ҳайдовчилар уларни жаримага тортиши мумкин бўлган ЙПХ ходими, радар ва камералардан чўчишади.

Бу ҳам йўлларда тартиб ўрнатишнинг бир йўли. Бекорга республика йўллари бўйлаб патрул машиналарининг муляжи ўрнатилмаган-ку?! Демак, бу нарсанинг фойдаси борки, ўрнатилган.

ЙПХ ходимларининг шахсий автомашинада ҳаракат қилиши расмийликни йўқотади. Иш вақтидан ташқарида ўз манфаати йўлида хизмат қиляпти, деган таассурот пайдо бўлишига олиб келади.

ТВда, киноларда ёки бошқа жойда бирор чет давлатда йўл полицияси ходими шахсий автомашинада юрганини кўрмаганмиз. Нега уларда ғайриоддий бўлган нарса бизда оддий ҳол?

Боди камера тасвирлари шубҳали тарзда қирқилган

Юқорида ҳам ёзилди: боди камерада ёзиб олинган тасвирлардан ЙПХ ходимлари айнан шу автомашинани атайин пойлаб турганини тахмин қилиш мумкин. Чунки «Cobalt» ҳали тақиқловчи қизил чироққа эътибор қилмасдан чорраҳага кириб келишидан аввал «Spark» автомобилида кутиб турган ЙПХ ходимларидан бири «Қани, кутайлик-чи, қаерга боради?» деган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, солиқ идораси ходими бошқарувидаги «Cobalt» автомашинаси қисиб тўхтатилгач, унинг ўлими юз бергунга қадар қарийб 40-45 дақиқа вақт ўтган.

Боди камерадан олинган тасвирлар хоронометражи эса бор-йўғи 5 дақиқани ташкил этади. Қолган 35-40 дақиқа вақтда нималар содир бўлгани сирлигича қолган ва бу турли тахминларни ўртага чиқармоқда.

Чорраҳани қизил чироқда кесиб ўтаёган А.Аҳмедов бошқарувидаги машина

Энди вазиятга бошқача кўз билан қараб кўринг: 4 нафар ЙПХ ходими шахсий автомашинада қоидабузар ҳайдовчини қисиб тўхтатишяпти, сўнг уни мажбурлаб, куч ишлатиб, шахсий машинанинг тор орқа ўриндиғига ўтқазмоқчи бўлишган.

Балки марҳум солиқчи ЙПХ ходимларининг қандайдир бошқача нияти борлигидан қўрққандир, шунинг учун бегона машинага чиқишга қаршилик қилгандир?

Балки ЙПХ ходимларининг чиндан ҳам шу солиқчига нисбатан қандайдир шахсий хусумати бордир...

Агар юқоридаги тахминлар асоссиз, дея ҳисобланса, нега ЙПХ ходимлари бир қадам наридан наряд чақириб, солиқчининг қўлларига кишан уриб, экспертизага олиб боришмади?

Хуллас, бу борада тергов органи ойдинлик киритиши лозим бўлган саволлар талайгина.

Ислоҳотлар керак

Бўлиб ўтган бу аянчли воқеадан барча бирдек сабоқ чиқариши керак: фуқаролар ҳам, ички ишлар ходимлари ҳам, турли идораларда ишловчи амалдорлар ҳам. Депутатлар қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиқиши, ИИВ ҳам ўз хизмат йўриқномаларига тегишли ўзгартиришлар киритиши керак, назаримда.

Мана шундай ҳолатлар келгусида яна юз бермаслиги учун энг аввало ЙПХ ходимларига тўп-тўп бўлиб шахсий автомашинадан фойдаланишни тақиқлаш керак. Айниқса, тунги рейдлар давомида.

Боди камерасиз ЙПХ ходими талабларига бўйсунмаслик кераклиги эълон қилинди. Энди тунда мигалкали хизмат автомашинасида бўлмаган ЙПХ ходими ҳайдовчиларни тўхтатса — тўхтамаслик кераклиги ҳам ИИВ томонидан эълон қилинса яхши бўларди.

Масалан, кўчма радар ўрнатишда ёки кундуз куни қаердадир муваққат пост ўрнатишда бир нафар ЙПХ ходимининг ёлғиз ўзига, ўз номида бўлган шахсий автомашинасидан фойдаланишгагина рухсат бериш керак.

Кейин, ЙПХ тизимида амалда 9-синф маълумоти билан қолган (чунки бугунги кунга келиб касб-ҳунар коллежларининг самарасизлиги аён бўлган) ходимлар кўп. Ажаб эмаски, можароларнинг бош асоси билимсизлик бўлса.

Айрим таклифлар

Сўнгги вақтларда рўй бераётган ҳодисалар ДЙҲХХ тизими ислоҳ қилиниши кераклигига ишора бермоқда. Мақсад — йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш экан, зудлик билан ишга киришиш керак:

  • ЙПХ ходимлари тўлиқ ўз касбига лойиқлик бўйича аттестациядан ўтказилиши керак. ДЙҲХХ ўз тизимида олий маълумотга эга бўлмаган барча ходимлардан зудлик билан воз кечиши керак. Муносиблар олиб қолиниб, ёки ишга қабул қилиниб, маошлари оширилиши керак.
  • ЙПХ ходимларини тез-тез бир жойга тўплаб, улар билан шоирлар, ёзувчилар, журналистлар ва автоблогерлар учрашувларини ташкил қилиш керак.
  • ЙПХ ходимлари иш соатларида хизмат давомида кўчаларда доимо мигалкали хизмат автомашинасида ҳаракатланиши шарт қилиб қўйилиши керак.
  • ЙПХ ходимларида хушмуомалалик бош мезон бўлиши керак. Бирор можароли вазиятда ЙПХ ходимининг боди камераси ишлатилмаган бўлса — ходим сўзсиз ишдан бўшатилиши керак (бу унинг ноҳақлигини исботловчи бош далил ҳисобланиши лозим).
  • Энг муҳими — ҳайдовчилар қонуний талабга бўйсунмаса ёки куч ишлатиб қаршилик қилишса, уларга нисбатан ЙПХ ходимлари куч ишлатмаслиги, аввал огоҳлантириб, воқеа жойига ички ишлар ходимларидан оператив гуруҳ — наряд чақирилиши тартиб сифатида белгиланиши керак.

Тизимни ислоҳ қилиш борасида жамоатчилик фикрларини ўрганиш бўйича сўровномалар ўтказилса янада яхшироқ таклифлар билдирилиши мумкин. 

Хулоса ўрнида

Албатта, ички ишлар ходимларининг ичида олий маълумотли, маънавиятли, шу касб йўлида ўқиган, билимини оширган, ўз касбига содиқлари, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашни бош мақсади деб билувчи фидойилари жуда кўп. Улар бўлмаса йўлларда асло тартиб бўлмаслигига  ишонамиз.

Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, шарафли ва мураккаб касб шаънига доғ туширувчилари ҳам топилмоқда. Бундай ходимлар бутун ИИВ тизимига доғ туширади, ички ишлар органлари ходимлари фуқаролар кўз ўнгида салбий бўёқда гавдаланишига сабабчи бўлишади. Ўзининг биргина қўпол хатти-ҳаракати билан қилинаётган кўплаб хайрли ишларга рахна солишади.

Бу ҳолатни ИИВ тизимидаги айрим раҳбар ходимлар, айниқса, ахборот хизмати мутасаддилари тўғри англашмаяпти, чоғи. Тизимда «курмак» ходимлар борлигини тан олиб, уларга нисбатан кескин чора кўриш ўрнига кўп ҳолларда жабрланувчи ёки шикоятчининг ўзини айбдор қилиб кўрсатиб, воқеани хаспўшлаб, номуносиб ходимни бўлса-бўлмаса оқлаш билан машғул бўлишаётгани жуда таассуфлидир.

Хуллас, галдаги вазифа — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида илғор хорижий амалиётни ўрганиш, уларни тизимга татбиқ қилиш бўлиши керак. Соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, муштни бир жойга уриб, «курмак»лардан тезроқ халос бўлиш, уларга муросасиз бўлиш, тизимда муносиблар ишлашига шароит яратиш лозим. Бундан жуда кўпчилик, биринчи навбатда оддий одамлар ютади.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист.

Мавзуга оид