Ўзбекистон | 16:04 / 18.06.2021
10447
5 дақиқада ўқилади

Андижондаги ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича халқ билан мулоқот қилинди

Андижон шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, давлат идоралари раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоатчилик фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятининг бугунги ҳолатига баҳо бериб, уни ҳар томонлама ривожлантириш вазифалари ҳақида сўзлади.

«Андижонга келишимиздан мақсад - одамларнинг дардини таҳлил қилиб, аниқ режаларни белгилаш, аҳоли жон бошига даромадни ошириш, маҳаллаларда шароитни яхшилаш. Ҳамма натижаларга танқидий қарашимиз керак. Андижоннинг бирини икки қилиш учун яна қандай «ўсиш нуқталари» бор, одамларни қийнаётган нима муаммолар бор, деб савол қўйиб, уларга чора топиш зарур. Бунинг учун ижро органи раҳбарлари ва маҳаллий депутатлар дунёқарашини ўзгартириши керак. Агар улар дунёқарашини ўзгартириб, фидойи бўлиб ишласа, ҳамма соҳа ўзгаради», деди президент.

Президент Андижон вилояти аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Вилоятда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда 271 та кўп қаватли, шунингдек, ипотека асосида 2 минг 500 та якка тартибдаги уйлар қурилмоқда. Шулардан 2 минг 710 та хонадонга субсидия ажратилади.

Бу йил 460 километр ичимлик суви, 1 минг 147 километр электр узатиш тармоқлари қурилиши ва таъмирланиши қайд этилди.

Таълим, тиббиёт соҳаларида ҳам хайрли ишлар кўп. Бу йил 30 та мактаб таъмирланади. Математика, кимё-биология, информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган 13 та мактаб фаолияти ташкил этилади.

4 та оилавий поликлиника ва 9 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Вилоятда 1 миллион 500 минг аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, жумладан, 300 мингдан ортиқ аёлларни маммографик ва ультратовуш текширувларидан ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Мураккаб операцияларга муҳтож, эҳтиёжманд аҳолига ёрдам бериш бўйича вилоятда махсус жамғарма ташкил этиш ташаббуси билдирилди.

Ёшлар ва аёллар муаммоларини тизимли ҳал қилиш, уларни касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, президент андижонлик 100 нафар хотин-қиз учун контракт тўлови вилоят ҳокимлиги, 50 нафари учун эса олий ўқув юртлари томонидан тўлаб берилишини маълум қилган.

«Вилоятда 18-30 ёшда бўлган 568 мингдан зиёд ёшларнинг 42 минг нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган. Бугунги кунда «Ёшлар дафтари»да қолган 8,5 минг нафар ва бу  йил мактабни битириб, меҳнат бозорига кириб келадиган 36 мингдан зиёд ёшларнинг бандлигини таъминлаш керак.

10 минг 241 нафар ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 211 миллиард сўм кредит ажратишни таъминлаш зарур. Туман (шаҳар)лар кесимида «Ёшлар жамғармаси»да 17 миллиард сўм маблағ шакллантириб, 15 минг нафар ёшларнинг муаммосини ҳал этишга йўналтирилсин.

Вилоятда «Аёллар дафтари»га киритилган 29,5 минг нафар хотин-қизнинг деярли барчасига амалий ёрдам берилган. Жумладан, оғир турмуш шароитида яшаётган, уй-жойга муҳтож 48 нафар хотин-қизга уй-жой берилган. 

1 июлдан бошлаб, вилоятдаги барча хотин-қизларнинг аҳволини қайтадан ўрганиб, «Аёллар дафтари»ни янгидан шакллантириш зарур. Хотин-қизларни  қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан, турмуш шароити оғир 132 нафар аёлга уй-жой олишда бошланғич бадал тўлаб беришни таъминлансин.

2021-2022 ўқув йилида олийгоҳга кирган, ота-онасидан бири ёки турмуш ўртоғи вафот этган эҳтиёжманд 100 нафар хотин-қиз учун контракт тўловини вилоят ҳокимлиги, 50 нафари учун эса олий ўқув юртлари томонидан тўлаб беришни таъминлансин», деган давлат раҳбари.

Президент вилоят саноат истиқболлари ҳақида тўхталди. 

«Вилоятда металлургия заводи қурилиши лойиҳасини тайёрлаш лозим. Тошкентда завод қурдик, нега Андижонда қурмаслигимиз керак? Майли, Тошкентдагидек катта бўлмасин, кичикроқ бўлсин. Лекин Андижон аҳли ҳам саноат кенгаяётганини ҳис қилиши керак. Вақти келиб, бу заводлар ишга тушишига ишонаман.

Мана, йиғилишда ёшларимиз ўтирибди, уларда ҳам қатор саволлар бор. Биз уларнинг келажагига лойиқ лойиҳалар устида ҳозирдан ишлашимиз лозим», деди давлат раҳбари.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳоким ва сектор раҳбарлари ҳисобот берди. Шаҳар ва туман студияларидаги аҳоли билан очиқ мулоқот бўлди.

Мавзуга оид