Жаҳон | 23:22 / 30.06.2021
3492
1 дақиқада ўқилади

Грузияда комендантлик соати бекор қилинди

Бош вазир Ираклий Гарибашвили чекловларни бузганларга белгиланган жарималар ҳам бекор бўлишини эълон қилди.

Грузияда коронавирус тарқалиши сабабли ўтган йил ноябрда жорий этилган комендантлик соати бекор қилинди. 30 июн соат 23.00дан бошлаб комендантлик соати тўхтатилади, деб хабар берди Новости-Грузия нашри.

Хабарда айтилишича, 22 июн куни идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш бу борада тегишли қарор қабул қилган. Шу кундан аҳолига кўчада ҳимоя ниқоби тақмасликка рухсат берилган. 

Шунингдек, Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили чекловларни бузганларга белгиланган жарималар бекор бўлишини эълон қилди. Гап карантин қоидаларини бузганлик учун жисмоний ва юридик шахсларга солинган 76 млн лари миқдоридаги жарима тўғрисида бормоқда.

Грузияда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 366 мингта ҳолат қайд қилинган, 5300дан ортиқ бемор вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид