19:58 / 30.06.2021
42648

Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ташкил этилди

Ҳукуматнинг 2021 йил 29 июндаги 408-сонли қарори билан Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти негизида Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ташкил этилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш институтнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Институт давлат олий таълим муассасаси сифатида ташкил этилган.

Қайд этилишича, институтда ўқув жараёни Финландия таълим дастурлари ва технологиялари асосида ташкил этилади. У 2021/2022 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди.

Мазкур институт ташкил этилгани туфайли СамДУда педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва уларнинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича қабул тўхтатилади.

Таъкидланишича, 2021/2022 ўқув йили учун институтга кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим шакли бўйича қабул параметрлари давлат комиссияси қарорига асосан белгиланади. 2022/2023 ўқув йилидан эса ҳар йили тасдиқланадиган республика ОТМга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Top