Берлин ва Париж университетларида Фаластин тарафдорларининг норозилик акциялари бошланди
Таълим муассасаларидаги норозилик намойишлари бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Полиция Ҳумболдт ва Sciences Po университетларида операция ўтказди.
Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларига қарши университетлардаги норозилик намойишлари АҚШдан бутун дунё таълим муассасаларига тобора кўпроқ тарқалмоқда. 3 май, жума куни Берлиндаги Ҳумболдт университети олдидаги Фаластин тарафдорлари митингига федерал полиция чақирилди. Қайд этилишича, 30 га яқин иштирокчи университетнинг бош биносига киришни тўсиб қўйган.
Университет раҳбари Жулия фон Блюментал талабаларга норозиликни тинч йўл билан якунлаб, мунозара ўтказишни таклиф этди, бироқ рад жавоби олди. Полиция маълумотларига кўра, намойишда улар Исроилга қарши «Дарёдан денгизгача» шиорини айтишган - бу Германияда тақиқланган, чунки Исроилни йўқ қилишга чақиради.
Исроилнинг Германиядаги элчиси Рон Прозор Ҳумболдт университетидаги норозилик намойишидан ғазабини билдириб, намойишчилар «яҳудийларга нисбатан нафрат ва зўравонликни улуғлаганини» таъкидлади. «Биз гижгижлаш, террор ва зўравонликка тоқат қилмаслигимиз керак», деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.
Парижда норозилик бироз вақтга тўхтатилди, Сиднейда иккита митинг тўқнаш келди
3 май куни Франция пойтахти Парижда нуфузли Sciences Po университетида юзга яқин Фаластин тарафдори бўлган фаолларнинг ўтиришига полиция аралашиб, уларни бино қабулхонасидан чиқариб юборди. Намойишлар туфайли университет онлайн режимга ўтди ва аксарият бинолар ёпиқлигича қолмоқда.
Худди шу куни Австралияда Фаластин ва Исроил тарафдорлари бўлган юзлаб намойишчилар Сидней университетида тўқнаш келишди - аммо «кескин фикрлар алмашинувига» қарамай, иккала митинг ҳам тинч ўтди. Бундан ташқари, Мексикада Фаластин тарафдори бўлган ўнлаб талабалар мамлакатнинг энг йирик университети бўлмиш Мехико шаҳридаги Миллий автоном университет ёнида лагер ташкил қилди.
Байден АҚШ университетлари кампусидаги зўравонликни қоралади
АҚШ президенти Жо Байден яна бир нуфузли университет ҳудудидаги Фаластин тарафдорлари лагери демонтаж қилингандан сўнг, намойишлар чоғидаги зўравонликларни кескин қоралади. У 2 май куни Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётига қарши Америка университетларида ўтказилаётган норозиликларни изоҳлар экан: «Фуқаролар норозилик билдириш ҳуқуқига эга, лекин тартибсизлик яратишга ҳақли эмас», деди.
Байденнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар - «норозилик овозлари» ўчириладиган авторитар мамлакат эмас, балки «тартиб ҳукмрон бўлиши керак бўлган фуқаролик жамияти». Талабалар кампусларидаги намойишчилар ўз фикрларини эркин билдириш ҳуқуқига эга, лекин қонунни бузмаслиги ёки зўравонлик қилмаслиги керак, дея қўшимча қилди у.
Жо Байденнинг айтишича, «Америкада антисемитизм ёки яҳудий талабаларга нисбатан зўравонлик таҳдиди, исломофобия ёки араб ва фаластинлик америкаликларга нисбатан камситиш учун жой йўқ». Шу билан бирга, президент кампуслардаги норозилик намойишлари уни Исроил ва Яқин Шарққа нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбурламаганини таъкидлади.
Университетларда Фаластин тарафдорлари норозилиги тизимли тус олмоқда
Апрел ойи ўрталаридан бери Американинг ўнлаб университетлари ҳудудларида Фаластин тарафдорлари норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишлар Лос-Анжелесдаги Калифорния университети, Техас университети, Чапел Хиллдаги Шимолий Каролина университети, Ню-Йоркдаги Колумбия университети ва бошқаларни қамраб олди. Талабалар АҚШдан Исроил билан барча молиявий алоқалардан воз кечишни ва Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилиб, кампусларда чодирлар қурди. Уч ҳафта мобайнида АҚШ коллежлари ва университетлари кампусларида 1500 дан ортиқ киши қўлга олинган.
29 апрель куни намойишчилар Колумбия университети кампусидаги асосий бинолардан бири бўлган, асосан маъмурий офислар жойлашган Ҳамилтон-ҳоллни эгаллаб, тўсиб қўйди. Фаоллар босиб олинган бинода тахминан 12 соат туришга муваффақ бўлди, шундан сўнг полиция рейд ўтказиб, уни озод қилди. 300 га яқин киши ушланган.
Мавзуга оид
20:47 / 12.11.2024
“Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз” — Шавкат Мирзиёев
17:40 / 08.11.2024
«Маккаби» мухлислари Амстердамда Фаластин байроғини ёқиб, тартибсизлик келтириб чиқаришди ва сўнг таксичилар тақибига учрашди
16:52 / 07.11.2024
Ўзбекистоннинг 23 та олийгоҳи Осиё университетлари рейтингига кирди
14:47 / 07.11.2024