Қамчиқ довонида «бензовоз» ёниб кетиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
«Қамчиқ» довонида ёқилғи ташувчи юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида ёнғин келиб чиқди. Натижада машина салонида бўлган икки киши ҳалок бўлди.
Тошкент–Ўш халқаро автомобиль йўли Қамчиқ довонининг 260-километрида 1 июль куни соат 14:25да Фарғона водийси томон ҳаракатланаётган ёқилғи ташувчи юк машинасида («бензовоз») ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юк машина ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиши оқибатида содир бўлган.
Вазият юзага келган жойга ФВВнинг «Қамчиқ» махсус қидирув ёнғин-қутқарув бошқармаси етиб борган. Қутқарувчилар ёниб кетган юк машинасини ўчирган.
Ҳодиса натижасида ёқилғи қуйиш машинасининг салонида бўлган икки киши ҳалок бўлган.