11:55 / 04.07.2021
6277

"Ҳозир яшаб турганимга шукр..." – оққондан диллари қон бўлганлар қисмати

Фалакнинг гардиш инсонни турли синовлар ва кулфатларга дуч қилаверади. Улар ёши катта ёки кичик бўлсин ташвишлар қаршисида кимларнингдир далдасига, ёрдамига зарурат сезишади. Кимдир буни енгиб, ҳаёт учун курашади, яна кимдир таслим бўлиб умидсизликка тушади. Гематологик хасталикка чалинган бу беморлар ва уларнинг яқинлари ундан қутулиш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Ҳозир яшаб турганига шукр қилаётган йигит   

Тирикчилик ғамида мусофирчиликнинг қаттиқ нонини еб юрган Озодбек айни кучга тўлган 29 ёшида қон саратони хасталиги исканжасига олди. Хорижда ишлаб келиб оиласини тебратаётган йигит ҳозир даволаниш босқичларини бошдан кечирмоқда. Энди унинг дори-дармонлари ва уч фарзандининг таъминоти Россияда ишлаётган отасининг зиммасида. Аммо унинг юборгани катта оила учун етмайди. Беморга эса муттасил парвариш ва даволаниш лозимлиги уларни яхшилар кўмагига муҳтож қилиб қўйди.

Озодбек Намозовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0417 0715 7005 қариндоши Абдуназар Набиев номида

Сбербанк: 4276 5210 1998 6318 қариндоши Муҳриддин Саидов номида

Виза: 4187 8000 0075 2295 қариндоши Абдуназар Набиев номида

Телефон: +998915535246 (бемор)

Мен улар учун 7 йил хорижда ишладим, лекин болам касал бўлган экан

Икки фарзанд тарбиясини ёлғиз зиммасига олган она уй-жой ташвишида яхши ниятлар билан кўп йил хорижда ишлаб қайтганда кутилмаган қайғуга дуч келди. Ҳаётини спорт билан боғлаш ҳаракатида юрган кўз қорачиғи оққонга чалингани маълум бўлди. Нигора опа ҳозир ўғлининг ёнида дард билан олишмоқда. Шунинг учун оилада ҳеч ким ишламайди, бутун оила Саидолим учун давлат томонидан бериладиган нафақага кун кечиришади. Фарзандининг келажагидан умидвор онага моддий кўмак зарур.

Саидолим Ҳамдамовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0604 7491 2665 онаси Нигора Саидқосимова номида

Сбербанк: 4276 4000 4399 2479 қариндоши Илҳом Ҳайитқулов номида

Телефон: +998998281052 (онаси)

 Онам шу касалдан вафот этди, энди болам оққон

Бундан бир неча йил муқаддам Дилфузанинг онаси оққон хасталигига чалиниб дунёдан ўтган. Бу дарднинг даҳшатини ҳали унутмай туриб, унинг иккинчи зарбасига дуч келган аёл боласи учун мадад қидиради. “Шифокорларга минг раҳмат. Келганимизда болам юролмасди, ҳозир ўз оёғи билан юради. Лекин кўп нарса чегараланган, жуда қийналяпти ҳозир. Турмуш ўртоғим қора ишчи, вақти келса пул етказолмай қийналади” дейди она.

Акбаржон Шукуруллаевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0210 8820 0533 онаси Дилфуза Абдиева номида

Сбербанк: 5469 4000 5038 0885 қариндоши Шарофиддин Исомиддинов номида

Телефон: +998901808285 (онаси)

 Уч болам уч жойда сарсон қолди

Ёрқиной уч нафар фарзанднинг онаси. Тақдир ёзиғи билан бир фарзандининг тоби қочиб фалаж бўлиб қолган. Онаси Шоҳида опанинг айтишича, бунга қаттиқ сиқилиш уни касалликка етаклаган.

“29 ёшимгача бирор марта соғлигимдан муаммо бўлмаган, уч фарзандни ўзим дунёга келтирганман. Уч болам уч жойда сарсон, кичкинам мени танимайди. Ўртанчам касал, униям даволатяпмиз. Шу болам тузалиб кетса бўлди мен учун” дея фарзанди учун куйинади бемор она.

 Ёрқиной Ёқубовага оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0417 6081 7107 онаси Шоҳида Расулова номида

Ҳумо:9860 0303 7369 0970 Ёрқиной Ёқубова номида

Телефон: +998913272151 (онаси)

Бу беморлар нафақат ўзлари учун, балки болалари ва уларга кўз тиккан ота-оналари учун ҳам тузалишга ҳаракат қилишади. Ҳаракат қилган, интилган, умидни узмаганга албатта натижа берилади. Шундай экан уларни қувватлайлик. Токи бирор фарзанд ота-онасидан айрилиб етим бўлмасин, токи бирор ота-она фарзандидан айрилиб бўзламасин.

Гулмира Тошниёзова, Kun.uz мухбири
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top