23:57 / 05.07.2021
16641

Мўғулистонда «Чингизхон» халқаро аэропорти очилди

Мўғулистонда «Чингизхон» деб номланган янги халқаро аэропорт очилди. Ушбу аэропорт Япония ҳукуматининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига қурилган.

Фото: Anadolu Agency

Янги аэропортдан илк рейс Мўғулистоннинг миллий авиакомпанияси «МИАТ» томонидан Токиога амалга оширилди.

Аэропорт очилишида Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух иштирок этиб, бу мамлакат тараққиёти учун муҳим воқеа эканини таъкидлаб ўтган.

 Аэропорт бошқаруви 15 йил давомида «New Ulaanbaatar International Airport» япон-мўғул қўшма компанияси томонидан амалга оширилади. 

Янги объект мамлакат пойтахти Улан-Батордан 50 км жанубда, Хушиг аймака Тув водийсида жойлашган ва йилига 3 млнгача йўловчини қабул қилишга мўлжалланган.

Аэропортнинг битта учиш-қўниш йўлагини ўз ичига олган аэродроми 104 минг квадрат метр, йўловчи терминаллари эса 35 минг квадрат метр майдонни эгаллаган.

 Аэропорт халқаро стандартларга жавоб бериб, унда илғор япон технологиялари қўлланган.

 Аэропорт 12та авиакомпания, жумладан, маҳаллий «Mongolian Airlines» (МИАТ), «Aero Mongolia», «Hunnu Air», «Eznis Airways», Хитойнинг «Air China», Россиянинг «Аэрофлот», «Ангара», Туркиянинг «Turkish Airlines», Жанубий Кореянинг «Korean Air», «Asiana Airlines», «Air Busan» ва Қозоғистоннинг «SCAT Airlines» авиакомпанияларига хизмат кўрсатади.

 Вақт ўтиши билан янги аэропорт мамлакатнинг бош аэропортига айланиши кутилмоқда. У ерга пойтахт аэропорти «Буянт-Ухаа»дан рейсларни кўчириш режалаштирилган.

Top