12:08 / 07.07.2021
8115

МТРК тизимида «Ҳидоят сари» илмий-маърифий онлайн телеканали ташкил этилди

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг ОТТ платформасида (Over the Top) ёшларнинг маданий-маърифий, диний билимларини ошириш мақсадида "Ҳидоят сари" илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканали ташкил этилди. Бу ҳақда МТРК раиси Алишер Хўжаев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.

Маълум қилинишича, "Ҳидоят сари" илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканалида Ўзбекистон МТРК тизимида ишлаб чиқилган ва ўрнатилган тартибда тегишли илмий, диний экспертизалардан ўтказилган, аввал эфирга узатилиб, бугунги кунда МТРК Архив фондида сақланаётган телемаҳсулотлар намойиш этилади.

“МТРК архив фондида диний илмий экспертизадан ўтган, турли талқинга ўрин бермайдиган даражада ишончли маълумотларга асосланган диний-тасаввуфий, илмий-маърифий, исломшунослик ва тарих, аждодлар мероси каби туркум теледастурлар, алломалар ҳақида ҳужжатли фильмлар, уламо ва имом-хатибларимизнинг маърифий суҳбатлари, шунингдек, ҳадис-у ривоятлар асосида тайёрланган махсус фильмлар, теленовелла ва ижтимоий телероликларнинг сон жиҳатдан салмоқли базаси мавжуд,” – деб ёзади Алишер Хўжаев.

Kun.uz билан суҳбатлашган Миллий телерадиокомпания расмийсига кўра, ҳозирча канал фақат онлайн тартибда иш олиб боради. Уни кейинчалик офлайн, яъни алоҳида телеканал сифатида олиб чиқиш бўйича аниқ маълумотлар йўқ.

"Ҳидоят сари" илмий-маърифий онлайн телеканалини ушбу ҳавола орқали томоша қилиш мумкин. 

Top