Жаҳон | 20:52 / 13.07.2021
4521
2 дақиқада ўқилади

Ироқдаги шифохонада юз берган ёнғин қурбонлари сони 90 нафарга етди

Ироқнинг Ди-Қор вилояти Ан-Насирия шаҳридаги шифохонада юз берган ёнғинда ҳалок бўлганлар сони 90 нафарга етди. Аввалроқ фожиа оқибатида 50 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Шунингдек, ўнлаб одамлар жароҳат олган.

Al Hadath телеканалининг хабар беришича, айни вақтда қурбонлар шахсини аниқлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Бу жараён жасадлар кучли ёниб кетгани сабабли оғир кечмоқда.

Бундан ташқари, воқеа тафсилотларини аниқлаш бўйича тергов шифохонадаги барча кузатув камераларига зарар етгани сабабли мураккаблашган.

Шифохонада 12 июл кечки пайт кислород баллони билан эҳтиётсиз муомалада бўлиш оқибатида портлаш ва унинг кетидан йирик ёнғин юз берган. Ёнғин шифохонанинг коронавирус билан касалланганлар даволанаётган бўлимини қамраб олган.

Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимий фожиа қурбонлари хотирасига мамлакатда мотам эълон қилди. У шунингдек, фожиа сабаблари ва тафсилотларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузишни буюрди.

Ироқда бундай фожиа биринчи марта юз бериши эмас. 24 апрелда пойтахт Бағдоддаги «Ибн ал-Ҳатиб» шифохонасида юз берган ёнғинда 82 киши ҳалок бўлганди ва 110 киши жабрланганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид