19:02 / 13.07.2021
46758

«Олтин тўп-2021» рейтинги: Мессидан ҳақлироқ ким бор?

Дунё футболи мана энди росмана танаффусга чиқди. Албатта, бу катта ўйинларгагина алоқадор. Амалда, клублар янги мавсум учун тайёргарлик жараёнларини бошлаб улгурган. Бир қатор назорат ўйинлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Европа чемпионати ва Америка кубоги якунланиши баробарида «Олтин тўп» учун даъвогарлар рўйхатига назар ташлаш ўринли бўлади. «Goal.com» нашри ҳар ҳафта якунида рейтингни янгилаб бормоқда. Бу гал ўзгаришлар сезиларли даражада.

10. Федерико Кьеза

Аввалги ўрни: 17

2021 йилда: 14та гол, 5та ассист. Евро-2020, Италия кубоги ва Суперкубок ғолиби.

Кьеза Италия миллий жамоасида асосий футболчи сифатида гуруҳ босқичининг 3-туридан эътиборан ўйнай бошлади. Унгача ўнг қанот вингери позицияси Доменико Берардига ишониб топширилаётганди. Мусобақа давомида 2та гол уришга эришган Феде ҳар иккаласини ҳам ўта муҳим паллаларда киритди.

Клуби билан лига титулини ютган тақдирда, унинг имкониятлари янада юқорироқ бўлиши мумкин эди. Энди у Туринга миллий жамоа қаҳрамони сифатида боради. Янги бош мураббий Аллегри унга алоҳида эътибор қаратиши аниқ.

9. Эрлинг Ҳоланд

Аввалги ўрни: 9

2021 йилда: 25та гол, 9та ассист. Германия кубоги ғолиби.

Норвегиялик футболчи учун 2020/2021 йилги мавсум анча аввал якунланиб улгурган. Очиғини айтганда, у жорий мавсумда «Олтин тўп»ни юта олмаслиги анча аввалдан маълум эди. Бироқ рақобатчиларининг қитъа чемпионатидаги омадсизликлари сабаб у якуний рейтингда топ-10да қайд этилиши мумкин.

8. Криштиану Роналду

Аввалги ўрни: 7

2021 йилда: 27та гол, 4та ассист. Италия кубоги ва Суперкубок ғолиби.

Евро-2020 тўпурари деб топилган Криштианунинг рейтингдаги ҳолати бу билан яхшиланиб қолмади. Мусобақани жуда эрта якунлаган португаллар етакчиси бу йилги «Олтин тўп»дан умидини узиб қўйган бўлса ҳам, ажабмас.

Янги мавсумни у катта эҳтимол билан туринликлар сафида бошлайди. Массимилиано Аллегрининг режаларида 36 ёшли футболчи қанчалик муҳим ўрин тутади - буни олдиндан айтиш қийин.

7. Кевин де Брюйне

Аввалги ўрни: 6

2021 йилда: 10та гол, 10та ассист. АПЛ ва Англия кубоги ғолиби.

Кевин ҳам ушбу рейтингда бир поғона пастлади. Жароҳатлар бу мавсум уни анча қийнаб қўйди. Акс ҳолда, ўта кучга тўлган «Манчестер Сити» унинг ёрдами билан ЕЧЛни ютиши мумкин эди. Европа чемпионатига ҳам мукаммал формада етиб кела олмади. Натижада, Белгиянинг сафари ҳам чоракфиналда тўхтади.

6. Килиан Мбаппе

Аввалги ўрни: 5

2021 йилда: 29та гол, 7та ассист. Франция кубоги ва Суперкубок ғолиби.

Килиан «FIFA» симульяторининг 2022 йилдаги юзига айланади. Бироқ унинг Парижда ташкил этиладиган «Олтин тўп» топшириш маросимида якуний учликдан ўрин олиш имкониятлари жуда ҳам пасайиб кетди. Очиғи, жорий мавсум у учун энг яхши футболчи унвонини олишга жуда яхши имконият ҳосил бўлганди. Рақобатдошларидан ҳеч бири мавсумни кўнгилдагидек ўтказган тақдирда, унга қаршилик кўрсата олмасди. Аммо Килиан ҳам жамоаси билан лига чемпионлигини бой берди. Чемпионлар лигасида ҳам мағлуб бўлди. Европа чемпионатидаги муваффақиятли иштирок ҳам унинг имкониятларини ошириб юбориши мумкин эди. Хуллас, Мбаппе ўзига берилган барча имкониятларни кўкка совурди. Франция кубоги «Олтин тўп»ни бериб юбориш учун етарли даражада катта мусобақа эмас.

5. Ромелу Лукаку

Аввалги ўрни: 4

2021 йилда: 22та гол, 7та ассист. А Серия чемпиони.

А Серия чемпионлиги «Интер» учун узоқ кутилган титуллиги рост. Бироқ бу «Олтин тўп»ни Лукакуга бериш учун етарли сабаб эмас. Евро гуруҳ босқичидан сўнг, унинг бу йўлдаги имкониятлари ошиб кетганди. Сабаби, унда жамоасини қитъа биринчилиги томон етаклаб бориш ва Миллатлар лигасини ютиш имкониятлари бор эди. Устига устак, Кевин де Брюйне миллий жамоада кўнгилдагидек ўйнай олмаётган эди. Италиядан учралган мағлубият ортидан 28 ёшли форварднинг «Олтин тўп» учун имкониятлари тушиб кетди.

4. Нголо Канте

Аввалги ўрни: 3

2021 йилда: 1 ассист. ЕЧЛ ғолиби.

Европа чемпионатидаги ўйинларидан сўнг, Кантенинг «Олтин тўп» ҳақидаги ўйлари пучга чиққандек. Яримфиналлар ва финалнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган француз яримҳимоячиси қитъа биринчилигида ўша темпда ўйнай олмади. Ҳа, муҳим паллада у лондонликларга титул ютишга катта ёрдам берди. Бироқ йилнинг энг яхши футболчиси унвони 2-3та ўйинда яхши ҳаракат қилган футболчига берилмайди. Барқарорлик - спортдаги асосий баҳоловчи мезон!

3. Жоржиньо

Аввалги ўрни: 15

2021 йилда: 5та гол, 2та ассист. ЕЧЛ ва Евро-2020 ғолиби.

Улкан сакрашни амалга оширган Жоржиньо рейтингда нима сабабдан учинчи ўринда эканлиги тушунарли. Бироқ у ростдан ҳам энг яхши футболчи бўлиш учун номзодми? Тахминимизча, йўқ. У клубида 100 фоиз алмаштириб бўлмас футболчи эмас. Унинг ўрнида Канте ва Ковачич уни тез-тез алмаштириб турадилар. Мавсум давомида 28та ўйинда майдонга тушгани бунга исбот бўлиши ҳам мумкин.

2. Роберт Левандовски

Аввалги ўрни: 2

2021 йилда: 34та гол, 4та ассист. Бундеслига ва Клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиби.

Индивидуал натижаларидан энг кўп қониқиш ҳосил қилган футболчи Левандовски бўлса керак. У миллий чемпионатдаги голлар сони бўйича Герд Мюллер рекордини янгилади. Бошқа даъвогарларнинг Европа чемпионатидаги муваффақиятсизликларидан сўнг, у Париждаги подиумга бориш учун катта имкониятга эга бўлиб олди. Бироқ энди унинг олдида ўта жиддий ғов пайдо бўлди.

1. Лионель Месси

Аввалги ўрни: 1

2021 йилда: 33та гол, 14та ассист. Америка кубоги ва Испания Қироли кубоги ғолиби

15 йиллик орзу ушалди. Бу нафақат Леонинг узоқ йиллик орзуси эди. Месси миллий жамоа билан титул ютишини аргентиналик ҳужумчининг миллионлаб мухлислари ҳам орзиқиб кутишди.

Мавсум аввалидаги можаролар ва жамоадаги муаммоларга қарамай, Месси «Барса» билан ҳам ажойиб мавсум ўтказа олди. Каталонияликлар учун у қадар омадли кечмаган йилда ҳам 6 карра «Олтин тўп» соҳиби фантастик кўрсаткичларни қайд этиб турибди. 7-карра йилнинг энг яхшиси бўлишдан уни кимдир тўхтатиб қола оладими? Ушбу саволга жавоб олишимизга ҳам кўп вақт қолмади.

«Goal.com» рейтинги асосида Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Top