Франция: Парижнинг иродали ғалабаси

«Сент-Этьен» — «ПСЖ» — 1:3 (Буанга, 23 — Маркиньюс, 45+2, 90+1. Ди Мария, 77).

Аутсайдер майдонида парижликлар максимал ҳужумкор таркиб туширди - Неймар, Мбаппе ва Ди Мария учлигини орқароқдан, «ўнлик» позициясидаги Месси қўллаб турди. Аммо бу олдиндан кутилган таркиб эди, куннинг асосий воқеаси эса Серхио Рамоснинг дебюти бўлди. Узоқ вақт даволанган испаниялик ниҳоят «ПСЖ» сафидаги илк ўйинини ўтказди, бу унинг олти ой ва 23 кун давом этган танаффусдан кейинги илк расмий ўйини бўлди.

Ўйин кутилганидек бошланди — меҳмонлар кетма-кет ҳужумлар уюштиришди, Мбаппе бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади, Неймарнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо яшиллар илк бор катта куч билан олдинга ташланганида Буанга Доннаруммадан қайтган тўпни дарвозага жойлади. Лекин «Жоффруа-Гишар»даги мухлислар байрамни фақат видеотакрор орқали «ўйиндан ташқари ҳолат» бекор қилинганидан кейин нишонлашди. Парижликлар ўз имкониятларини йўққа чиқаришда давом этишди - дарвозабон Грин уларнинг барча уринишларини бартараф этаверди.

Аммо биринчи бўлим якунида арбитр Колоджейчакни майдондан четлатди, Месси эса жарима нуқтасидан тўпни Маркиньоснинг бошига қўндириб берди. Лео ўзи гол урмади, иккинчи бўлим ўрталарида идеал позициядан хато зарба берди, аммо кечанинг асосий юлдузи айнан у бўлди. Аргентиналик футболчининг навбатдаги узатмасини Ди Мария голга айлантирди.

Фақат Мессининг Маркиньосга навбатдаги голли узатмаси Неймарнинг жароҳати соясида қолиб кетди. Бразилиялик ҳужумчи рақибнинг подкатидан қочмоқчи бўлганида оёғини қайириб олди. У оғриқдан бақириб юборди, шунинг ўзиёқ вазият нақадар жиддийлигини кўрсатарди. Майдонга чиқиб келган шифокорлар бир неча дақиқа унга тиббий ёрдам кўрсатишди, кейин замбилга солган ҳолда майдондан олиб чиқиб кетишди.

Аниқ ташхис ҳали маълум эмас, аммо Instagram саҳифасида бразилиялик футболчи қўлтиқоёққа суянган ҳолдаги расмини қўйиб, шундай ёзди: «Афсуски, бундай омадсизлик —спортчи ҳаётининг бир қисми. Бошни тик кўтарган ҳолда қоламиз ва олдинга юрамиз. Мен янада кучлироқ бўлиб қайтаман».

Сўнгги маълумотларга кўра, унинг тикланиши учун камида олти ҳафта вақт талаб этилади.