Спорт | 21:14 / 14.07.2021
17215
10 дақиқада ўқилади

Еврода ўзини кўрсатган футболчилар. Улар энди топ-клубларда пайдо бўлиши мумкин

Евро-2020 гуруҳ босқичи ўйинларидаёқ футбол олами янги номлар билан танишишди. Плей-оффларда бу футболчилар ишончли ўйин кўрсатишда давом этишди ва энди бу чемпионат уларнинг фаолиятида трамплин вазифасини ўташи мумкин.

Жереми Доку («Ренн», Бельгия)

Уч йил муқаддам ушбу ёш бельгиялик ўз мамлакати миллий жамоасининг мундиалдаги ўйинларини телевизор орқали томоша қилган, энди эса шу жамоа билан Еврога йўл олди ва майдонни ёндирди. Доку айниқса чоракфиналда Италияга қарши ўйинда порлади, бош мураббий Роберто Мартинес Жереми кўп йиллардан буён юқори даражада тўп суриб келган футболчилар каби ҳаракат қилганини эътироф этди. Маълум бўлишича, 16 ёшида Доку «Ливерпуль» сафига қўшилиши мумкин бўлган, аммо ўшанда бельгиялик иқтидор катта жамоага ўтишга руҳан тайёр бўлмаган ва инглиз клуби таклифини рад этиб, Франциянинг «Ренн» клуби билан шартнома имзолаган. Ҳозирда у яна топ-клублар эътиборини ўзига қаратди. Масалан, Германиядаги нашрлар уни Мюнхеннинг «Бавария» клуби аъзосига айлантиришмоқда.

Дензел Думфрис («ПСВ», Нидерландия)

25 ёшли нидерланд Европа чемпионатида кучли ўйин намойиш этиб, гуруҳ босқичида Украина ва Австрия термалари дарвозаларини ишғол этди, пенальти ишлади, бу ўйинларда ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Ушбу фулбек нидерландияликлар ҳужумидаги асосий таҳдидга айланди. Думфрис барча ўйинларда ҳужумларга фаол қўшилди, иккинчи қаватдаги курашларда ишонч билан ҳаракат қилди. Улкан ҳажмдаги ишни бажариш, техника ва ҳимоячи позицияси учун ноодатий бўлган креативлик - унга катта қизиқиш уйғотди. Европа чемпионати гуруҳ босқичи ўйинларидан кейиноқ унга «Бавария» асосий даъвогарга айланди. «Интер» эса Дензелни «ПСЖ»га йўл олган Ҳакимига ўринбосар сифатида кўрмоқда. Думфриснинг ПСВ билан шартномасида 15 млн евро миқдорида бадал пули кўрсатилган, шу туфайли у жорий трансферлар ойнасида Европанинг қайсидир топ-клуби томонидан олиб кетилишини тахмин қилиш қийинмас.

Миккель Дамсгор («Сампдория», Дания)

Россия билан ўйинда узоқ масофадан дарвоза тўрини ишғол қилганида Дамсгор 20 ёшу 353 кунлик эди ва у терма жамоасининг Европа чемпионатларида гол урган энг ёш футболчиси бўлди. Англияга қарши кечган яримфинал ўйинида Миккель жорий Европа чемпионатида жаримадан урилган ягона гол муаллифига айланди. Энди унга «Барселона» ва «Милан» клублари кўз тикмоқда, аммо «Сампдория» спорт директори Карло Ости уни ҳозирча ҳеч қаерга қўйиб юбормоқчи эмаслигини айтмоқда. У талантли футболчи Генуяда яна бир мавсум қолишини истамоқда, аммо Дамсгор учун 30-40 млн евро тўлашга тайёр клуб уни олиб кетиши қийин бўлмайди.

Мануэль Локателли («Сассуоло», Италия)

Беш йил муқаддам 18 ёшда бўлган ушбу италиялик «Милан»нинг асосий таркибида дебют қилган, аммо кўп вақт ўтмай «россонери» унинг хизматларидан воз кечиб, уни «Сассуоло»га сотиб юборган. Бу клубда у етакчи ва сардорга айланди, таянч яримҳимоясида ишончли ўйинлари билан кўзга тушди, аммо Манчини унинг ҳужумдаги қобилиятларини кашф этди. Евро-2020да Локателли чинакамига порлади, ҳақиқий универсаллар каби ўйнаб, рақиблардан тўпни олиб қўйишдан ва ҳужумлар ташкил этишдан тинмади ва энди у бир оёғи билан «Ювентус»да бўлиб турибди. Қолаверса, унга «Арсенал» қизиқиш билдирмоқда. Аммо Мануэль фаолиятини Италияда давом эттиришни мақсад қилган. Яқин вақтлар ичида «Сассуоло» раҳбарияти туринликлар билан учрашув ўтказмоқчи, унда Локателлининг келажаги масаласи ҳал қилинади.

Патрик Шик («Байер», Чехия)

Фото: PETR JOSEK/GETTY IMAGES

Шик Евро-2020ни кутилганидан анча кучли ўтказди, унинг терма жамоаси ҳам. Патрик Роналду каби бешта гол урди, аммо португалиялик юлдуз бир голли паси эвазига турнирнинг энг яхши тўпурари сифатида тақдирланди. Лекин Шик турнирнинг энг чиройли голи муаллифига айланди - Шотландияга қарши ўйинда майдоннинг иккинчи қисмидан туриб дарвозани ишғол этди. Ҳозирда Шикка «Милан» фаол равишда қизиқиш билдирмоқда. Чехиялик ҳужумчи А Серияга қайтиш эҳтимоли юқори, у аввал «Сампдория» ва «Рома» каби клубларда ўйнаган. Немислар бу футболчи учун 40 млн евро истамоқда, «Милан» эса Чемпионлар лигаси учун таркибни кучайтириш мақсадида бундай катта суммаларни тўлашга тайёр.

Александер Исак («Реал Сосьедад», Швеция)

Шведлар турнирни 1/8 финалда тарк этишди, жамоадаги асосий  ижрочи эса Эмиль Форсберг бўлди. Аммо 21 ёшли Исак ҳам жамоаси гуруҳ босқичидан чиқишида муносиб ҳисса қўшди, Евро-2020да гол уролмаган бўлса-да, ҳужумларда фойдали бўлди, ҳужумларни айнан у ташкил этди, жамоа ўйини у орқали қурилди. Ибраҳимович уни бежиз «янги Златан» деб атамаганини исботлади. Уни чиндан ҳам катта келажак кутмоқда. Шу вақтгача фақат Испания чемпионати мухлислари учун таниш бўлган ҳужумчига энди «Ливерпуль», «Манчестер Сити» ва «Реал» каби клублар даъвогар бўлмоқда, аммо Исак ҳозирча «Реал Сосьедад»да қолишни ихтиёр этмоқда ва испан клуби билан янги беш йиллик шартнома имзолади.

Роман Яремчук («Гент», Украина)

Украиналик ҳужумчи Бельгияда мавсумни аъло даражада ўтказди (41 ўйинда 22 гол), Европа чемпионатида Нидерландия ва Шимолий Македония жамоаларига биттадан гол урди, Ярмоленко билан терма жамоада ҳужум тандемини ташкил қилди. Гуруҳ босқичидаги ўйинларидан кейиноқ унга «Милан» эътибор қаратди, аммо ҳозирда, журналист Жанлука Ди Марционинг маълумотига кўра, Яремчук ва унинг вакиллари «Бенфика» билан музокаралар ўтказмоқда. Унинг вакиллари Бельгиядаги тўрт йилдан кейин Португалияга йўл олишни мантиқий қадам сифатида баҳолашмоқда.

Йоаким Меҳле («Аталанта», Дания)

Даниялик ҳимоячи Даниянинг кутилмаган қаҳрамонларидан бирига айланди. У икки ўйинда гол урди, Чехия билан ўйинда голлардан бирига узатма муаллифи бўлди. Англияликлар билан ўйинга қадар Меҳле Дания сафида дарвоза соҳасига аниқ йўлланган зарбалар сони бўйича етакчи эди, энди у миллий жамоа таркибининг ажралмас қисмига айланди. Евро-2020да бундай муваффақиятли иштирок  этишида «Аталанта» жамоаси бош мураббийи Жан Пьеро Гасперинининг ҳам хизматлари бор. Меҳле Бергамога шу йил қишида келганди, шу туфайли уни клуб шу ёздаёқ трансфер қилишини кутиш қийин.

Робин Госенс («Аталанта», Германия)

Фото: ALEXANDER HASSENSTEIN/GETTY IMAGES

«Аталанта»нинг яна бир футболчиси Европа чемпионатида ўзини яхши томондан кўрсатди. Госенс Португалияга қарши ўйиндаги тўрт голнинг барчасида иштирок этди ва ўйиннинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди. Айнан шу ўйиндан кейин Робинга «Барселона» ва «Ювентус» эътибор қаратди. Туринликлар ушбу футболчини таркибга қўшиб олишга аҳд қилган, аммо «Аталанта» Госенс учун камида 40 млн евро талаб қилмоқда. Футболчининг ўзи фаолиятини кейинги босқичга кўтарувчи қизиқарли таклиф келиб тушса, ўйлаб кўришини айтиб ўтган.

Дани Ольмо («РБ Лейпциг», Испания)

Ольмо яримфиналда Италия дарвозасига пенальтилар сериясида гол ура олмаган бўлса-да, айнан у испанларнинг Хорватия устидан ғалабасини таъминлаганди, у Еврода қўшимча бўлимларда икки голли пас берган илк футболчига айланди. Миллий жамоа турнирни эртароқ тарк этган бўлса-да, Дани Испания келажаги ишончли футболчиларда эканини кўрсатиб берди. Италиядаги Corriere dello Sport газетаси хабарига кўра, бу ёзда Ольмо учун «Барселона» ва «Реал» жамоалари ўртасида кураш кечади.

Калвин Филлипс (Англия)

Калвин Филлипс Англия термасига бир йил олдин чақирув олганди, Евро-2020да у кутилмаганда асосий марказий яримҳимоячига айланди. Унга қадар бу позиция Жордан Ҳендерсонники эди. Аммо Филлипс шу қадар кучли ўйин кўрсатдики, майдон марказини ўзиники қилди ва Саутгейтда танлов қолдирмади. Бундан ташқари, Филлипс – англияликларнинг барча ўйинларида тўлиқ ҳаракат қилди, турнирда энг кўп югурган футболчилардан бири бўлди - 82,99 км (Жоржиньодан кейин иккинчи). Миллий жамоада энг кўп ҳажмда иш бажарган футболчи айнан «Лидс» аъзоси бўлди. Энди унинг агентини жуда кўплаб қўнғироқлар кутмоқда.

Доменико Берарди (Италия)

Роберто Манчини қандай қилиб бундай кучли жамоа тузганини кўпчилик тушунаётгани йўқ. Унинг асосий қуролларидан бири бутун фаолиятини «Сассуоло»да ўтказмоқда – айнан Доменико Берарди кутилмаганда Италия ҳужуми етакчиларидан бирига айланди. У ҳужум чизиғида Иммобиле ва Инсинье билан яхши ҳамкорлик қилди ва 1 гол уриб, 1 голга узатма берди. Евро-2020да асосий таркибнинг ажралмас футболчисига айлана олмаган бўлса-да, «Милан» унинг трансфери учун пул тайёрламоқда, футболчи учун асосийси – катта клубда ҳам барқарор ўйнашда давом этиш.
 

Мавзуга оид